Эркин Воҳидов ижод мактабида

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов шахсига ҳурмат ва эҳтиром намунаси сифатида Юртбошимиз ташаббуси билан ўтган йили Марғилонда барпо этилган кўркам боғ ва муҳташам мактаб навқирон авлод вакиллари учун улкан ғамхўрлик намунаси бўлди.

Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ушбу даргоҳ ташкил топганлигининг 1 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда мактаб ўқувчилари ва устозлари, адабий жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг мактаб жамоасига йўллаган қутлови видеолавҳа сифатида намойиш этилди. Шоир томонидан республикадаги барча ижод мактаблари ичида Эркин Воҳидов ижод мактабининг юксак ўрин тутаётгани эътироф этилганида гулдурос қарсаклар янгради.

Йиғилганлар эътиборига Усмон Азим қаламига мансуб “Тонг отган тарафларда” драмаси намойиш этилди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Умида Абдуазимова, “Китоб дунёси” газетаси бош муҳаррири Хосият Рустамова, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова, Фарғона давлат университети профессори Йўлдошали Солижонов ва бошқалар ижод мактабининг умид юлдузлари ҳақида илиқ фикрлар билдириб, уларнинг истиқболдаги ишларига юксак парвоз тиладилар.

Тадбирда ёшларга сабоқ бераётган устоз ва мураббийлар ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокида мушоира бўлиб ўтди. Мумтоз наволар ижро этилди.

Ижод мактаби ёшларининг ижодий салоҳиятини ўстиришдаги фидойилиги, сифатли педагогик салоҳияти учун бир гуруҳ ўқитувчилар вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ижодий фаоллиги ва турли танловлардаги намунали иштироки учун бир гуруҳ ўқувчилар ҳам мукофотланди. Марғилон шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам меҳмонларга совғалар топширилди.

– Фикрини гўзал қилиб баён қилаётган бу дилбандларимиз келажакда қайси касбда бўлмасин, энг аввало, яхши инсон бўлишига ишонамиз, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Умида Абдуазимова. – Президентимиз бежизга китобхонлик ва маънавиятни юксалтириш масаласига эътибор қаратмади. Ҳамма нарса инсон қалбига сўз орқали боради. Эркин Воҳидов ижод мактаби бу борадаги эзгу сабоқларни сидқидилдан адо этаётгани ҳавас ва эътирофга муносибдир.

Тадбирда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этди.