Мамлакатимизнинг инвестиция дастури

Вилоят Тадбиркорлар марказида Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг сифат жиҳатидан янги тизимига ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Таъкидлаб ўтилганидек, ушбу Фармон билан 2020 йилдан Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастури 3 йиллик даврга шакллантирилиши белгилаб қўйилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Дастурнинг амалга оширилишини умумий мониторинг ва назорат қилиш юзасидан ваколатли орган ҳисобланиши белгиланди. Ўз навбатида мазкур вазирликка бюджетдан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг рўйхатини шакллантириш вазифаси юклатилди. Молия вазирлигига эса инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратиладиган прогноз лимитлари ўз вақтида тақдим этилишини ҳамда лойиҳалар марказлаштирилган манбаалар ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилишини таъминлаш топширилди.

Айни жараёнда Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан “Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш” автоматлаштирилган тизими ишлаб чиқилди. Ойига камида бир маротаба Бош вазир ўринбосари ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хорижий инвесторлар билан учрашувлар ўтказишлари, аниқ инвестиция таклифларини тақдим этишлари ҳамда уларни амалда рўёбга чиқаришни таъминлашлари зарур.

Фармонга кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, вилоятлар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан шакллантириладиган рўйхат бўйича 2019 йил 1 июнга қадар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига бу борадаги лойиҳаларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этишлари керак. 2019 йил 1 июлдан инвестиция лойиҳаларини сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши таъминланганлиги учун давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларини рағбатлантириш тизими, белгиланган талаблар бажарилмаганида эса хайфсан эълон қилиш, лавозим маошининг 50 фоизигача жарима ва лавозимдан озод этиш тарзидаги интизомий жавобгарлик тизими йўлга қўйилди.

2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш йўналишлари белгиланиб, аниқ режа асосида бешта босқичда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Бешта босқичда дастур лойиҳасига киритиш учун инвестиция таклифларини тақдим этиш шакллари, намуналарини ишлаб чиқиш ва ташаббускорларга юборишдан тортиб, барча мутасадди идора ва ташкилотлар, шаҳар ва туман ҳокимликларигача бажарилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Вилоят ҳокимлиги, тегишли бўлим ва бошқармалар, шаҳар-туманлар ҳокимлари ўринбосарлари, масъул идоралар ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирокида ўтказилган йиғилишда вилоятимизда амалга оширилиши муҳим бўлган энг долзарб вазифалар таҳлил ва танқид руҳида сарҳисоб этилди.

Йиғилишда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳоджон Тошпўлатов қатнашди ва кун тартибидаги масала юзасидан масъул идоралар дахлдорлик туйғусини оширишлари зарурлигини таъкидлади.