Тараққиёт сари дадил қадам

Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш бугун нафақат иқтисодий юксалиш ва даромад манбаи, балки, юртдошларимизнинг салоҳиятини юзага чиқарувчи муҳим омилга айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танловининг бу борадаги аҳамияти беқиёсдир.

Ўтган йиллар давомида мазкур кўрик-танлов вилоятимизда ҳам юқори салоҳиятли, ташаббускор, истиқболли лойиҳаларга эга тадбиркорлар, ҳунарманд ва фермерларни кашф этгани диққатга сазоводир.

Фарғона ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернатида ушбу нуфузли кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Танловнинг очилиш маросимида сўзга чиққан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳоджон Тошпўлатов юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган ғамхўрликларни эътироф этиб, иштирокчиларга муваффақият тилади.

Тадбир доирасида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва ташкилий қўмита аъзолари иштирокида “Ташаббус – тараққиёт сари дадил қадам” кўрик-танлови ғолиблари номи эълон қилинди. Ғолиблар диплом билан тақдирланди.

Вилоятдаги тегишли бошқармалар, корхона-ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, қўшма корхоналар вакиллари, шаҳар-туманлардан ташриф буюрган қатнашчилар вилоятимиз тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлари томонидан ташкил этилган кўргазма фаолияти билан яқиндан танишишди.

Танловнинг бу галги саралаш босқичида 5 та йўналиш бўйича маҳаллий босқичларда ғолиб бўлган 100 нафарга яқин тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар  иштирок этди. Улар ўз маҳсулотлари кўргазмаси, самарали йўналишларга эга бизнес-лойиҳаларини йиғилганлар ҳамда нуфузли ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола этишди.

– Биз каби ёш тадбиркорлар учун бу каби кўрик-танловлар тажриба ўрганиш билан бирга келгусидаги мақсадларимиз сари парвоз бўлади, –  дейди Тошлоқ туманидан ташриф буюрган тадбиркор Жамолиддин Деҳқонов. – Ўтган йили трикотаж ва чехол қопламалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эдик. Яқиндан бошлаб бу йўналишлар қаторига тахтага гул босиш технологияси ҳам қўшилди. Ҳозирги кунда 50 нафар ишчи билан фаолият олиб боряпмиз. Бунда банк томонидан тақдим этилган кредит маблағидан унумли фойдаландик. Бугун эришган натижаларимизни кўрсатишга астойдил интиляпмиз.

Якуний натижаларга кўра, “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича 1-ўринни Данғара туманидаги “Real goal forward” МЧЖ раҳбари Хушнуд Ўринбаев, “Хизмат кўрсатиш соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналиши бўйича ғолибликни Фарғона шаҳридаги “Ибратли бекам” ўқув маркази раҳбари Шаҳноза Ғаниева эгаллади. “Энг яхши ёш тадбиркор” йўналиши бўйича мутлоқ ғолиблик Учкўприк туманидан “Тоp Victory” МЧЖ раҳбари Лазизжон Усмоналиевга насиб этди. “Энг яхши фермер” йўналиши бўйича Олтиариқ туманидаги “My garden” фермер хўжалиги рахбари Адҳам Абдураҳмонов энг юқори натижани кўрсатди. “Энг яхши ҳунарманд” номига Қўқон шаҳрилик ўймакор ҳунарманд Отабек Умаров сазовор бўлди.

Танловда турли номинациялар бўйича ҳам энг яхши иштирокчилар номи эълон қилинди. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.