Саноат ривожида яна бир муҳим қадам

Кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим иқтисодий ислоҳотлар, яратилаётган қулай инвестицион муҳит чет эллик сармоядорларни Ўзбекистонда ўз бизнесини юритишга бўлган қизиқишини оширмоқда. Бу жиҳат вилоятимизда ҳам турли йўналишларда ўз аксини топаётгани диққатга сазовордир.

Кеча вилоят ҳокимининг Фарғона туманидаги Қабуллар уйида Жанубий Кореялик йирик тадбиркор “Дон – А elektric” электрик компанияси раҳбари жаноб Тае Во Ким ва вилоят ҳокими Ш.Ғаниевнинг учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси В.Фен ҳам иштирок этди.

Вилоят ҳокими меҳмонга Фарғона заминида кўришиб турганлигидан хурсандлигини ҳамда ташриф учун ўз миннатдорлигини билдирди. У қадрли меҳмонга Фарғона вилоятининг қулай географик хусусияти ва сармоя киритиш учун муҳим бўлган имкониятлари ҳақида маълумот берди. У ўз сўзида Жанубий Корея Ўзбекистоннинг дунё давлатлари ичида энг яқин ва ишончли ҳамкорларидан бири эканлигини, икки мамлакат Президентлари ўртасидаги учрашувлар ҳар икки халқ ҳаётида муҳим янгиликларга асос бўлаётганини эътироф этди.

Жаноб Тае Во Ким ҳам самимий қабул учун, илиқ, дўстона ва ўзаро ишончга қурилган суҳбат учун миннатдорчилик изҳор қилди. У сўзида ўзбек халқи корейс халқи бошига оғир кунлар тушганида ҳамдард бўлганлигини, корейс оилаларини қабул қилиб уларни эмин-эркин яшашлари учун барча шароитларни яратиб берганлигини тарихдан яхши билишини, бу муносабатларни қадрлашини таъкидлаб ўтди. Бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда кўплаб корейслар ўзбек халқи билан елкама-елка туриб меҳнат қилаётганларини, эмин-эркин яшаб Ўзбекистонни ўз она-Ватани деб эъзозлашларига гувоҳ бўлганлигини қайд этди.

Музокаралар давомида ташкил этилажак корхона истиқболи ва уни тўлақонли фаолият кўрсатишида бино, узлуксиз электр энергияси, қулай жойлашув, сув, газ ва бошқа коммуникациялар ҳақида келишиб олинди. Шундан сўнг музокара иштирокчилари вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналарини бошқариш дирекциясининг Фарғона шаҳар кичик саноат зонасидаги биноларни бориб кўрдилар. Инвесторга кўрсатилган бино ва жой маъқул бўлди. Мартабали меҳмон  ўша ерда ОАВларга интервью берди.

— Агар музокаралар натижасида келишувга эришсак, иш фаолиятимизни тўлиқ йўлга қўя олсак, келгусида жаҳон андозаларига тўлиқ жавоб берадиган етти минг хилдаги электротехника жиҳозларини ишлаб чиқарамиз, – деди инвестор. Бу йирик саноат корхонаси минтақада ягона бўлишига урғу берди.

Чет эллик ҳамкорлар билан келишув ва музокалар вилоят ҳокимлигида давом этди.