Мардлик, жасорат ва баркамоллик тарбияси

9 май – Хотира ва Қадрлаш куни байрами муносабати билан Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Фарғона вилоят Кенгаши мажлислар залида ташкилот жамоаси, талабалар ва ўқувчи ёшлар иштирокида “Хотира ва Қадр моҳияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Х.Шарофутдинов, Фарғона политехника институти тарих факультети катта ўқитувчилари А.Мамасиддиқов, У.Эргашевлар маърузаси тингланди. Тадбир якунида аъло баҳоларга ўқиш орқали тенгдошларига ўрнак бўлаётган талаба ва ўқувчи ёшларга “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, Ватан олдидаги шарафли бурчини бажаришда мардларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларини рағбатлантириш ҳамда Марказий Кенгаш ҳайъатининг 2019 йил 26 апрель кунги қарори ижросини таъминлаш мақсадида кенг қамровли тадбирлар ташкил этилди.

Шаҳар ва туман ҳокимликлари, “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгаши ва унинг тасарруфидаги қуйи ташкилотлар, ҳарбий қисмлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, ижодкорлар ва санъаткорлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари ҳамкорлигида 80 нафардан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари, 5 нафар ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига 405 миллион сўмликдан ортиқ совғалар тақдим этилди. Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида Иккинчи жаҳон уруши йиллари ҳаётини акс эттирувчи бадиий дастур уюштирилиб, унда ташкилотнинг 230 нафар ишчи-ходимлари қатнашиши таъминланди.

***

Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Риштон туман ўқув спорт техника клубида парашют спорти тўгараги ўз фаолиятини бошлади.

Бу тўгаракда ёшлар учун замонавий синф хоналари, ўқув қуроллари ва кўргазмали воситалар, амалий машғулотлар ўтказиш учун спорт майдончаси ташкил этилган.

“Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” деган умумий ғоя остида бўлиб ўтган илк тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгаши тизимидаги ўқув муассасаларида шуғулланаётган ўғил-қизлар ўртасида ҳаволи милтиқдан ўқ отиш бўйича вилоят Кубоги мусобақалари бўлиб ўтди. Мусобақада ғолиб бўлган спортчилар “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят Кенгашининг эсдалик совғаларига сазовор бўлдилар.

Шу куни ёшларни спортнинг техник ва амалий турларига кенг жалб этиш, уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида спорт техникалари ва жиҳозлари ҳамда турли номланишдаги парашютларнинг амалий кўргазмаси ташкил этилди. Ҳарбий хизматчилар коллеж ва мактаб ўқувчилари, уюшмаган ёшлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларига парашютлардан фойдаланиш юзасидан маҳорат дарслари ўтказишди.

***

Данғара тумани ўқув спорт техника клубида ўз фаолиятини бошлаган парашют спорти тўгарагида ҳам барча замонавий шарт-шароитлар яратилган. Яқинда бу ерда ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш борасида спортнинг техник ҳамда амалий турлари бўйича яратилаётган қулайликлар хусусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Шу куни Данғара тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан ўқувчилар учун “Йўл қоидаси – умр фойдаси” мавзусида очиқ дарс ташкил этилди. Тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ҳаволи милтиқдан ўқ отиш спорт тури бўйича мусобақалар ўтказилди ва ғолиблар тақдирланди.

“Ватанпарвар” ташкилоти Ёзёвон автомобиль мактабида ҳам Парашют спорти тўгараги фаолияти тобора ривожланиб, қизиқувчи ёшлар сафи кенгайиб бормоқда. Ҳарбий хизматчилар иштирокида ўтказилаётган маҳорат сабоқлари келажагимиз ворисларининг бу борадаги билим ва амалий кўникмалари янада яхшиланишини таъминлаяпти.

Ёзёвон автомобиль мактабида турли давра суҳбатлари ташкил этилиб, янги авлодни маънан ва жисмонан баркамол қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Йўл қоидаси – умр фойдаси” мавзусидаги очиқ дарслар, ўқувчи қизлар ўртасидаги ёзги биатлон спорт мусобақалари, парашют спорти бўйича амалий кўргазмалар, бадиий ва сиёсий адабиётлар, спорт техникалари ва жиҳозлари намойишлари ёшларни ҳарбий-ватанпарлик руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир.