Юртга соғлом оилалар керак!

Оила  маънавияти  қанчалик бой, теран ва чуқур бўлса, жамият ҳам шу қадар бой бўлади. Бинобарин, оила маънавияти – миллийликнинг барча аломатларини ифодаловчи кўзгудир.

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармасининг туман, шаҳар  бўлимларида  Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президентимиз  Фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Маълумки,  барча шаҳар-туманда  яраштириш  комиссиялари  тузилиб, фаолият олиб боряпти. Олиб борилган тарғиботлар  натижасида жорий  йилнинг  биринчи чорагида  1307 та оила  яраштирилди,  шундан  41 таси  суддан  аризасини  қайтариб  олди.  Учкўприкда 145  та,  Данғарада  125 та,  Бешариқ туманида 118 та ажрим ёқасига келиб қолган  оилалар  яраштирилди.

Вилоятда жисмоний  ва юридик шахсларнинг мурожаатларини  ҳал этишда ҳамкорлик, ташаббускорлик, муаммолар ечимига янгича  ёндашувларни  қўллаш, маслаҳат, ёрдам кўрсатиш ишлари сифатли  йўлга қўйилди.  Шу йилнинг  апрель ойига қадар фуқаролардан  марказга  38 та, шаҳар-туман бўлимларига эса 1167 та оғзаки ва ёзма мурожаат қилинди. Муаммолар ўз муддатида ижобий  ҳал этилишига ҳаракат қилинмоқда.

Президентимизнинг «Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида» ги  Фармонига мувофиқ  ҳафтанинг  ҳар жума куни   «Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш куни» деб эълон қилинди. Шу муносабат билан  жойларда аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари олиб бориляпти. Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали билан ҳамкорликда  «Ахборот коммуникация технологиялари орқали мустаҳкам оила сари»  лойиҳаси доирасида оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилаларда саводхонлик  ўқув курси  ташкил этилди. Курс  тингловчиларига  марказ томонидан  сертификат  топширилди.

Данғара, Учкўприк,  Фурқат, Бешариқ туманларида   никоҳланувчи ёшларга оиланинг маънавий-ахлоқий асослари, унинг иқтисодиёти, бюджетини юритиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш юзасидан  билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” ташкил  этилди.   “Қадрият, урф-одат, оила ва ёшлар” мавзусида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар  ўтказилиб,  унга  уч минг нафардан   зиёд  ёшлар ва уларнинг ота-оналари қамраб олинди.

Ёзёвон  тумани  Баҳор МФЙда  ёшлар  ўртасида “Оммавий маданият”нинг  оилаларга  салбий таъсири” мавзусида ёшлар, ота- оналар иштирокида учрашув ўтказдик. Ёшларга  бу  иллатнинг салбий оқибати  ҳақида  видеоролик  намойиш этилди.

Муҳтарам  Президентимизнинг  Фарғона  вилоятига ташрифлари доирасида берилган топшириқлари  юзасидан  ўз режаларимизни  белгилаб  олдик.  Жумладан,  оилаларда маънавий-ахлоқий  қадриятларни мустаҳкамлаш,  низоли  ҳолатларнинг  олдини олиш, оила қуриш  арафасидаги  ёшларнинг ҳуқуқий  билимини ошириш, йигит-қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ажрашиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида  шаҳар-туманларда “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” очишни мақсад қилиб қўйдик.

Оила муқаддас даргоҳ саналади. Ватан оиладан бошланади, деб бежиз айтилмаган. Шундай  экан, бахтли оилаларимиз сони янада кўпайсин.  Оила қўрғони асло завол кўрмасин!

Ҳамида АБДУҒАНИЕВА,

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

вилоят бошқармаси бошлиғи.