Вилоят ҳокими сайёр қабули

Тошлоқ туманидаги  Заркент агросаноат касб-ҳунар коллежида вилоят  ҳокими Ш.Ғаниевнинг  сайёр  қабули бўлиб ўтди.

Унда  вилоят бўлим ва бошқармалари, тегишли корхона ва ташкилот раҳбарлари, халқ қабулхонаси, давлат хизматлари марказлари, “Маҳалла” жамоат фонди, “Оила” илмий-амалий маркази ва оммавий ахборот воситалари  вакиллари  қатнашдилар.

Ҳоким қабулида вилоятнинг Ёзёвон, Қува, Тошлоқ, Қўштепа туманлари ва Фарғона, Марғилон шаҳарларидан 70 нафардан зиёд фуқаролар иштирок этиб, ўзларини қийнаб келаётган муаммоларини билдирдилар.

Уларнинг  тадбиркорлик,  уй-жой,  ҳаж сафари, ишга жойлаштириш,  банк кредитлари, оилавий  ва бошқа масалалардаги мурожаатлари тингланди.

Жумладан, Қўштепа туманидан Набижон Бобоев, Юсуфжон Шокировлар тумандаги Сармозор МФЙ  Гулистон кўчасини  асфальтлаштириш масаласи бир неча йиллардан бери ҳал бўлмаётганлиги, қилган мурожаатлари  эътиборсиз  қолдирилаётганлигини билдиришган.

Вилоят ҳокими тегишли мутасадди ташкилотларга бу муаммони тезкорлик билан ижобий ҳал этиш ва натижаси бўйича ахборот бериш вазифасини топширди ва ўз назоратига олди.

Шунингдек,  Қўштепа туманидан ташриф буюрган тадбиркор Расулжон Тожихўжаев ўзига тегишли  автомобилларга ёқилғи қуйиш шоҳобчасини метан газ қуйиш шоҳобчасига айлантириш бўйича қилган мурожаатига  ўша ернинг ўзида  рад  жавобини олди. Сабаби, ҳозирги кунда ҳеч қандай  рухсатномасиз  АЁҚШни  ўзбошимчалик билан  газ қуйиш  шоҳобчасига айлантириб олиб, газ босими, газ лимити ҳисоб-китобисиз махсус рухсатнома – лицензия беришни сўраган. Қолаверса, шоҳобча бозор ҳудуди яқинида жойлашган.

Мурожаатчилар ичида  ўтган сайёр қабулда иштирок этиб, муаммоси  ижобий ҳал бўлган фуқаролар ҳам қатнашдилар.  Улар вилоят ҳокими ва мутасадди ташкилот раҳбарларига ўз миннатдорчилигини билдиришди.