Олимпиадага пухта тайёргарлик

Фарғона вилоятидан  2020  йил Токиода  бўлиб ўтадиган  ўттиз иккинчи  ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиши кутилаётган 29 нафар номзод  рўйхати шакллантирилди.

Барча  федерацияларда  спортчилар орасидан энг муносибини танлаш, саралаш (селекция) ишлари  юқори даражада ўтяпти, – дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Н.Ҳакимов.– Фарғона шаҳар  2-ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи қошида ташкил этилган  марказда  Андижон, Наманган ва  вилоятимизда фаолият кўрсатаётган  283 нафар мураббий  ва  жисмоний тарбия фани ўқитувчилари  малака оширдилар.

Кейинги вақтларда чекка-чекка қишлоқларда ҳам болалар спорт иншоотлари қурилишига катта эътибор қаратилди. Бунинг натижасида жойларда  шинам, муҳташам спорт заллари,  ўйингоҳ,  ёпиқ сув ҳавзалари  қад ростлаб, қизиқувчи,  қобилиятли спортчиларни  ўз бағрига олди. Президентимизнинг  2019 йил 17 январдаги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида  2020-2024 йилларда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ташкил  этиш,  умумтаълим  мактаблари  спорт иншоотларини қуриш,  реконструкция  қилиш ва доимий  жиҳозлаш  ишлари жойларда қандай амалга оширилаётганини  юзасидан мониторинг гуруҳи   фаолият олиб боряпти.

Жумладан,  вилоят ихтисослаштирилган  олимпия  захиралари мактаб-интернатида спорт зал, болалар кўп тармоқли спорт комплекси, Марғилон,  Қўқон  шаҳарлари,  Бувайда, Риштон, Ёзёвон туманларида спорт зали, стадион,  ёпиқ сув ҳавзасини  капитал таъмирлаш ишлари  жорий йилнинг  20 октябрь кунига қадар якунланиб, фойдаланишга топширилади.