Қўқондаги мусобақа совғаларга бой бўлди

Қўқон шаҳрида ўзбек футболига тамал тошини қўйган, унинг ривожига катта ҳисса қўшган  фидойи инсонлар хотирасига бағишлаб “Қўқон – ўзбек футболининг ватани” деб номланган турнир бўлиб ўтди.

Унда фахрийлар ҳамда ҳаваскор футболчилардан иборат 16 та жамоа иштирок этди.

Финал ўйинидан олдин алоҳида шоу ташкил этилди. Дастурда сўзга чиққан футбол фидойиларидан Ўткиржон Сатторов ва Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмоновлар йиғилганларни тадбир билан табриклашиб, ўзбек футболининг тарихи ҳақида тўхталиб ўтишди.

Шоунинг биринчи қисмида ўзбек ва Қўқон футболига муносиб ҳисса қўшган бир қатор мутахассислар махсус совғалар билан тақдирланишди ва уларга зарбоп чопонлар кийдирилди.  Ташкилотчилар томонидан финал баҳсини томоша қилиш учун келган мухлисларга бепул чипталар тарқатилди ва улар лотерея ўйинида иштирок этиб, қимматбаҳо совғаларга эга бўлишди.

Ҳал қилувчи баҳс олдидан таниқли спорт шарҳловчиси Даврон Файзиев финал иштирокчиларидан ташқари ўзбек футболида алоҳида тилга олинадиган, жаҳон ва Осиёнинг энг яхши ҳакамларидан бири саналган Равшан Эрматов ва унинг доимий ҳамроҳи Абдуҳамидулло Расуловларни майдонга таклиф этганида мухлислар орасида ўзгача бир жонланиш пайдо бўлди.

Мусобақа бош соврини учун кураш олиб бориб, финалгача етиб келган  “Фахрийлар-1” ва “Шаҳар” жамоалари мусобақанинг ҳақиқий фаворитлари эканликларини яна бир бор амалда намойиш этишди. Учрашув бошланишида “Шаҳар”ликлар вакили Иқбол Амиров ҳисобни очган бўлса, иккинчи бўлимда  “Фахрийлар-1” ҳақиқий матонатларини намойиш этишди – 3:1. Жамоанинг голларига Аброр Мақсудов (2 та) ва Саид Шокировлар муаллифлик қилишди. Шу тариқа “Фахрийлар-1” жамоаси турнир ғолиби бўлди.

Мусобақанинг бронза медали учун “Прогресс” ва “Спартак” жамоалари майдонга тушишди. Ҳисобда ортда қолаётган “Прогресс” жамоаси 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва учинчи ўринни қўлга киритди.

Финал якунига кўра, Фарҳод Мусажонов (“Фахрийлар-1”) “Энг яхши дарвозабон”, Раҳим Жўраев (“Шаҳар”) мусобақа тўпурари, Аброр Мақсудов (Фахрийлар-1”) “Энг яхши ўйинчи”, Маҳмуджон Абдуллаев “Энг ёш футболчи” ва Иброҳим Мамадиев (“Кимёгар”) “Энг яхши бош мураббий” деб топилди ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Шунингдек, “Қўқон-1912” футбол клуби томонидан “Фахрийлар-1” жамоаси бош мураббийи Шарифжон Мадаминовга умра  сафарига йўлланма тақдим этилди. Шунингдек, «Узмобайл» компанияси ҳамда Яйпаннинг «Турон» футбол клуби вакиллари ҳам ғолибларга эсдалик совғалар топширишди. Қўқон футболининг фидойиси, сухандон Анваржон Охунов мусобақа ташкилотчилари томонидан 10 миллион сўмлик сертификат билан тақдирланди.