Ишсизликни бартараф этиш омиллари

Жорий йилнинг январ-апрель ойлари давомида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, прокуратура органлари ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 73 маротаба «Бўш иш ўринлари ярмаркалари» ўтказилди. Берилган йўлланмалар асосида 2832 нафари ишга жойлаштирилди, 203 нафар фуқароларга ишсизлик мақоми берилиб, уларнинг барчаси касбга ўқитишга юборилди. 1076 нафар фуқаролар хақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди.

Шу билан бирга, вилоятимизнинг барча маҳаллаларида  “Ишга жойлаштириш куни” тадбирлари ўтказиб келиняпти. Маҳаллалардаги ишсиз аҳоли учун  маҳалла гузарларида  ҳудудда мавжуд бўш иш ўринлари таклиф этилиб, фуқаронинг яшаш жойида эркин ишлаши, ёшларнинг яқинлари даврасида бўлишига эътибор қаратилмоқда.  Уларни касбга ўқитиш, жамоат ишларига, корхона ташкилотларга йўналтириш бўйича  тизимли ишлар олиб бориляпти.

Йил бошидан шу кунга қадар ишсизлар сонини камайтириш, уларни ўзлари учун мақбул меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича олиб борилган барча саъй-ҳаракатлар, ўтказилган ярмаркалар ва тадбирлар натижасида амалда 6748  нафар фуқаролар бандлигига эришилди, – дейди вилоят бандлик бош бошқармаси  шўъба  бошлиғи Асрор Саидов. – Иш изловчи фуқароларни ижтимоий ҳимояга олиш мақсадида, рўйхатга олинган фуқаролардан 1714 нафарига ишсизлик мақоми берилган бўлиб, 434 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланди. 1280 нафари турли касбларга қайта ўқишга юборилди.

Оилавий шароитларидан келиб чиқиб, кунбай  ёлланиб ишловчи фуқаролар кўпчиликни ташкил этади. Уларни ҳудудлар кесимида қамраб олиш, ишсизликни бартараф этиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 4 та шаҳар-туманларда аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳузурида вақтинчалик иш билан таъминлаш бюролари ташкил қилинган. Фарғона, Қўқон, Марғилон  шаҳарлари, Олтиариқ туманидаги  мазкур бюронинг фаолият доираси ишсизликнинг асл сабабларини ўрганиш  ва аҳоли учун мақбул шароитни яратиб беришни таъмин этади. Иш берувчи ва фуқаро ўртасида қонуний муносабатлар йўлга қўйилади. Мурожаат қилган фуқаролар рўйхати юритилиб, аҳолининг  иш қобилияти ва ҳолати билан танишиш имконини беради.

Жорий йилда шу кунга қадар ҳудудлардаги бюроларга жами 741 нафар фуқаролар  мурожаат қилган. Улар қурилиш, уй хўжалиги,  ободонлаштириш ишларига жалб қилинган. Аксарияти мавсумий ишларга жойлаштирилган. Вақтинчалик бир  марталик ишлаш истагида бўлган фуқароларга янги, вакант иш ўринлари ҳамда касбга тайёрлаш курслари тўғрисида маълумотлар бериб борилмоқда.

Лекин шунга қарамай бугунги кунда аҳолининг янги-янги иш ўринларига эҳтиёжи  ортиб бормоқда. Демакки, соҳада ҳали қилинадиган ишлар талайгина.  Айниқса, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш зарур.