Қулайлик ва имкониятлар

Сўнгги йилларда юртимизда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги давлат хизматлари сифатини яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, тегишли тизимларни давлат органларининг электрон маълумотлар базаларига интеграция қилиш кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш жараёнини соддалаштиришнинг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.

­– Бугунги кунда вилоятимизда фаолият юритаётган давлат хизматлари марказлари томонидан жорий йилнинг ўтган чорагида 385 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди, ­ ­– дейди ДХА Фарғона вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Фурқатжон Асқаров. ­– Бу эса республикада энг юқори кўрсаткични кўрсатмоқда. 2019 йилнинг бошидан буён апостиль, чет эл дипломларини нострификация қилиш ҳамда олий ўқув юртларига давлат хизматлари марказлари орқали ҳужжатлар топширишни ташкил қилиш ҳам ўзгаришлар мевасидир.

Ҳуқуқий ислоҳотлар самараси ўлароқ, нотариат соҳасида ҳам янгиликларни кузатиш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат нотариал идораларида “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими яратилиб, у орқали нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатлар олиб борилмоқда.

­­– Мазкур тизим имкониятларидан келиб чиқиб, бугунги кунда идоралараро электрон ахборот алмашинуви ёрдамида фуқароларнинг ИНН рақамлари, юридик шахслар, “Ермулккадастр” ДУК хизмати томонидан бериладиган маълумотларни электрон тартибда олиш йўлга қўйилган, ­­– дейди нотариус Ҳусан Матсапаев. ­– Шунингдек, бу орқали нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш жараёнида фуқароларнинг бармоқ излари махсус сканер қурилмаси орқали олиниб, тегишли электрон нотариал ҳаракатларга бириктирилмоқда. Бу янгиликлар эса фуқароларимизга қулайликлар яратиб, нотариат соҳасида келгусида “ягона дарча” тамойилида фаолият олиб боришига замин яратмоқда.

Жорий йилнинг 5 апрелида Президентимиз томонидан қабул қилинган “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор эса кўрсатилаётган давлат хизматлари сифатини ошириш, кўчмас мулкни сотишда ортиқча тартиб-таомилларни қисқартиши, геодезия ва ер кадастри соҳасига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш, рақамли иқтисодиётни ривожланитиришга қаратилгандир.

­­– Ушбу қарорга мувофиқ кўчмас мулк битимларини нотариал тасдиқлашда, кўчмас мулкни аукцион орқали сотишда, нотурар кўчмас мулк бўйича риаэлторлик ташкилотлари томонидан хизмат кўрсатишда, арзон уй-жойлар қуришда қатнашаётган банклар томонидан ­­– қуриши тугалланган уй-жойни расмийлаштиришда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилиши белгиланган, ­­– дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ғолибшер Турсуналиев.

Уй олди-сотдиси ёки кўчмас мулк объектини ўз номимизга ўтказиш учун нотариал идораларда бўлганмиз, – дейди фуқаро Саид Пўлатов. – Қўлимизга тутқазилган қатор идора ва ташкилотлардан келтириладиган маълумотномаларни тақдим этганимиздан сўнггина нотариус қабулига кирганмиз. Ҳар бир маълумотномани олиш учун кунлаб, ҳатто ҳафталаб вақтимиз кетган. Энди эса электрон ахборот алмашуви оғиримизни енгил қилади. Биргина кадастр ҳужжатларини келтириш орқали ишимиз осон ва тез битади, вақт ҳамда маблағ тежалади.

Юқоридаги қарор билан нотариат, кадастр, давлат хизматлари, риэлторлик соҳасида жисмоний ва юридик шахсларга қулайликлар яратилади. Қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг аҳамияти ҳам халққа қулайлик ва енгиллик яратилишидадир.