“Мўмин эрсанг, қилиб дуррингни нисор”

Ўтаётган ҳар бир кунимиз элимизга Яратганнинг марҳамати туфайли тинчлик, осойишталик, фаровонлик ҳадя этаётган экан, ёруғ юз ва шукроналик билан бир-биримизга пешвоз чиқамиз. Зотан, Рамазон ойи шукуҳидан баҳраманд бўлиш ҳам гўзал бир саодатдир.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 1 май куни эълон қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш бўйича маҳаллаларда хайрли тадбирлар олиб борилмоқда.

Шу кунларда кам таъминланган оилалар сонини кескин камайтиришга киришилгани маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳити юксалиб бораётганидан далолат беради.

Хотира ва Қадрлаш куни, Рамазон ойи муносабати билан Қўқон шаҳридаги Баҳромжон Мирзажонов раислигидаги “Бунёдкор” МФЙ да тадбиркорлар томонидан битта мол сўйилиб, гўшти маҳалла аҳлига арзон нархда сотилди, – дейди ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроилжон Маҳмудов. – Ўтган йили шаҳардаги “Садоқат” МФЙ  да 19 та кам таъминланган оилалар бор эди. Бу йил улар сони атиги 6 тани ташкил қилади. Сабаби устоз-шогирд анъанаси асосида касаначилик йўлга қўйилди. Маҳалла хотин-қизлари тикувчиликнинг турли йўналишларида меҳнат қилишиб оила фаровонлигига эришяптилар. Бу ҳам ҳамжиҳатлик меваси. Динимизда ҳимматини яширин намоён этиш ҳам савоб саналади. Ҳозиргина эшитганимиз. Ўзбекистон туманида саховатпеша инсонлардан бири эҳтиёжманд оилаларга 74 млн. сўмлик 1000 қоп ун тарқатибди. Исми-шарифини сир тутган бу инсонга элнинг дуолари ёғилди.

Марғилон шаҳридаги “Марғилон дарвозаси” МФЙ гузарида тадбиркор, ишбилармонлар ҳомийлигида кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотганларга ифторлик дастурхони ёзилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси чиқарган фатвога биноан Рамазон ойидаги ифторликларни кафе ва тўйхоналарда эмас, хонадонларда жуда ихчам тарзда ўтказилиши таъминланяпти. Элга ифторлик  бериш истагидаги инсонлар бу маросимга сарфланадиган ҳаражатларни ижтимоий ҳимояга муҳтож оиалаларга ҳадя этмоқдалар. Закот, фидя маблағлари ҳам оилаларнинг моддий аҳволи яхшилаб ўрганилгандан сўнггина етказиб бериляпти.

Бу йилги Рамазон ойи фазилатларга бой бўлиб кириб келди, – дейди вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Ҳилолахон Комилова. – Шу кунларда муборак ойда вилоятимиздан Умра зиёратига 300 нафардан ортиқ мусулмонлар бориб-келиши режалаштирилган. Зиёратдан қайтаётганларнинг шукроналиклари ҳар бир қалбни тўлқинлантирмай қўймайди. Қутлуғ ойда 518 нафар расмий рўйхатдан ўтган отинойилар билан ҳамкорликда маҳаллаларда 5, 500 минг сўмлик хайрия тадбирлари бўлиб ўтди. Вилоятимиз бўйича 82 та оилага моддий ва маънавий кўмак кўрсатилди. 28 та маҳаллада ўтказилган китоб акциясида диний-маърифий, бадиий адабиётлар хонадонларга гўёки маънавий нур бўлиб кириб борди.

Рамазон аслан эзгулик, саховат, яхшиликлар ойи. Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг бу ойда саховатлари шамолдан ҳам тез бўлар  ва ул зоти муҳтарам барчани саховат қилишга даъват қилардилар. Халқимиз миллий ва диний қадриятларимизнинг ўзаги бўлган саховатпешаликни фазилат сифатида ўзига сингдирган. Топганини қариндош-уруғ, маҳалла-кўй билан баҳам кўриб келган. Ҳеч  бир халқда топилмайдиган бу одат шукрки йиллардан-йилларга малолсиз узатилиб келинади. Яратганимиз хайр-эҳсон қилишга қурби етмайдиганлар учун ажойиб савоб амални буюрди. Бинобарин, бир-биримизга ширин сўз, табассум ҳам садақадир.

Навоий чин мўминлик сифатини шундай ёзади:

          Мўмин эрсанг, қилиб дуррингни нисор,

          Эл билан равшан ўл нечукким шамъ.

          Негаки, Тенгри ҳеч мўминда

          Бухлу бадхўйлуқни қилмади жамъ.

Яъни мўмин одам топганини халққа бергач, шам каби равшан бўлиб хурсандчилик қилади. Чунки Оллоҳ ҳеч бир мўминда бахиллик ва ёмон хулқни жам этмади.

Шундай экан, ҳар бир кунни ушбу ойнинг саховати ва шукронасидан баҳраманд бўлиш умидида қаршилайлик.