Фарғонада ёшлар инновацион маркази

Фарғона шаҳрида янги бунёд этилган “Ёшлар инновацион маркази” ишга тушди.

Марказнинг фойдаланишга топширилиши мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга алоҳида эътиборнинг яна бир амалий исботидир.

Замон талабларига мос, юқори технологиялар асосида жиҳозланган марказ кўп тармоқли бўлиб, у вилоят ёшлари манфаатлари учун хизмат қилиши кўзда тутилган. Бу ерда ёшлар учун керакли бўлган кўплаб йўналишлар, жумладан, ёшлар қабулхонаси, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси,  “ёш тадбиркор” консультатив маркази, ёшлар бандлигига кўмаклашиш бюроси, ёшлар туризми агентлиги, ёш оилалар учун тиббий хизмат, ёшларга психологик хизмат кўрсатиш маркази, ёш оила инновацион маркази, ёшлар кутубхонаси, юридик клиника, ҳамда “Боок cафе” ўрин олган.

Қурилиши учун 2,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарф этилган бўлиб, 25 та янги иш ўрни ҳам яратилган. Эндиликда марказга бир кунда 500 нафар ёшлар келишининг имконияти мавжуд.

– Инновацион марказда барча машғулотлар интерфаол усулларда олиб борилади, – дейди марказ раҳбари Шерзод Камолов. – Бу ерда ёшларимиз ўзларини қизиқтирган соҳа ва йўналишларда барча маълумотларни олишлари мумкин. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий мутахассислар иштирокида онлайн илмий мулоқотлар, маҳорат дарслари, семинар-тренинглар ўтказиш, илмий-техник йўналишдаги танловлар ташкил этиш каби ишлар ҳам назарда тутилган.

Маълумки, Президентимиз ташаббуси асосида ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусдан бири – аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилган.

“Ёшлар инновацион маркази”нинг очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги томонидан ушбу ташаббус ижроси юзасидан 2 та замонавий жиҳозланган Библиобус – кўчма кутубхона фарғоналик ёшларга топширилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази билан ҳамкорликда вилоятнинг тоғли ва узоқ ҳудудларида яшовчи аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида китобхонларга кутубхона ва савдо хизмати кўрсатилади.

Библиобусларнинг ҳар бирида 1500 донадан китоб жойлаштирилган. Шунингдек, вилоят ахборот-кутубхона марказининг “Ferghana bookland” туркум QR-кодли электрон китоблар таблоси ўрнатилган. Библиобус Wi-Fi интернет тармоғига уланган бўлиб, фойдаланувчилар электрон китобларни ўз мобил қурилмаларига ҳам бемалол бепул юклаб олишлари мумкин.

Библиобус тасдиқланган жадвал асосида вилоят ҳудудида хизмат кўрсатади.