Ишонч оқланяпти

Яйпандаги «Турон» жамоаси Ўзбекистон чемпионатининг пролига мусобақаларида қатнашишини эшитиб, мухлислар жуда хурсанд бўлган эдилар.

Чунки бу жамоа бундай беллашувларда биринчи марта  қатнашмоқда. Ҳозиргача ўтказилган баҳсларда яйпанлик футболчилар ҳамжиҳатлик ва қатъият кўрсатиб, мухлислар ишончини  албатта  оқлажакларини  исботламоқдалар. Ўтказилган 6 та учрашувда 4 та ғалаба ва 2 та дуранг натижага эришилиб, жамоа «В» гуруҳида турнир жадвалини бошқариб бораётганлиги  бунга яққол далилдир.

Жамоа муваффақиятларига бир вақтлар «Нефтчи» сафида донг таратган, кейинчалик  Яйпан  жамоасига қўшилган  Мўйдин  Мамазулумов, айни пайтда 19 ёшлилар миллий терма жамоаси аъзоси Асил Қаюмов ҳамда моҳир дарвозабон Алишер Фахриддиновлар салмоқли ҳисса қўшмоқдалар.

Яқинда жамоа бош мураббийи  Баҳром Ҳакимов муаммоларини ҳал этишда қийналиб қолаётганлиги боис ўз лавозимидан бўшатишларини сўраб ариза берди. Раҳбарият унинг аризасини қаноатлантириб, ўрнига Исломбек Исмоиловни бош мураббий этиб тайинлади.

Пролиганинг «А» гуруҳида  вазият бошқача.  Кейинги йилларда суперлига вакиллари билан муносиб баҳслашиб келаётган Фарғонанинг «Истиқлол» жамоаси ҳозиргача 15 имкониятдан 8 очко жамғариб, турнир жадвалининг 2-поғонасида  бормоқда. Ундан  кейинда  бораётган  «Хоразм» ва «Машъал» жамоаларида ҳам 8 тадан очко бор. Бешинчи учрашувни Урганчда ўтказган фарғоналик  футболчилар биринчи  бўлимда  эришилган натижани (0:2) сақлаб қолганларида  Хоразмдан  дуранг билан қайтмаган бўлар эдилар.

Шу  гуруҳда  тўп  сураётган «Нефтчи» жамоасида ҳам раҳбар янгиланди. Имкониятлардан фойдаланишда йигитларни тўла сафарбар эта ололмаётганлиги боис, бош мураббий Баҳром Ҳайдаров ишдан бўшатишларини сўраб ариза берди. Унинг ўрнига бир вақтлар «Нефтчи» жамоасида  номдор  футболчи   бўлган, кейинчалик мураббийлик вазифаларида ишлаб келган  Абдусамад Дурмонов тайинланди. Раҳбар ўзгаргач,  жамоада  сезиларли ўзгаришлар юз берди. «Нефтчи» лар Ғузорнинг «Шўртан» ва Олтиариқнинг «Ифтихор» жамоаларини мағлубиятга учратиб, турнир жадвалидаги  аҳволини  бироз ўнглаб олишга муваффақ бўлишди. Айни пайтда жамоанинг куч ва эътибори пешқадамлар сафига кўтарилиб олишга қаратилган.

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилаётган  4 та жамоада ғолибликни қўлга киритиш учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд. Жамоа раҳбарлари ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, мухлислар ишончини тўла оқлашлари лозим.

                                                                                           Дониёр ЭРГАШЕВ