Хотин-қизлар учун иш ўринлари

Аввал хабар берганимиздек, давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи чоғида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этган ҳолда уларга етарли шароитларни яратиб бериш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Қишлоқ ва маҳаллаларда кичик бизнес, хусусий ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали ёшларни, жумладан, хотин-қизларни фойдали меҳнатга жалб қилиш борасида Бағдод туманида ҳам талай ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда туманда яшовчи 517 нафар хотин-қизлар оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ўз соҳасининг етук ва тажрибали мутахассисларига тикувчилик, тўқувчилик, қўл тадбиркорлиги ва бошқа соҳалар бўйича малака сирларини ўрганишга жалб қилинган.

Туманнинг Конизар қишлоғидаги “Нуронийлар” дам олиш масканига вилоят ҳокими билан учрашиш, тадбиркорликни янада ривожлантириш учун керакли маслаҳатлар олиш мақсадида 600 нафардан зиёд тадбиркорлар жам бўлишди.

Юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, 18 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлаганман, – деди Бағдод шаҳарчаси, Ўзбекистон МФЙда яшовчи Малика Мадаминова. – Корхонамизда асосан трикотаж маҳсулотлари, яъни эркаклар кийимларини фаслларга мос ҳолда буюртмалар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Маҳсулотларимиз Бухоро, Самарқанд, Наманган, Андижонга олиб бориб сотилмоқда.

Фаолиятимни бошлашда “Халқ банки”нинг туман филиали томонидан 3 йилга, 7 фоизли 21 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига 15 та тикув машинаси сотиб олганман. Ҳозирги кунда тайёр маҳсулотларимизга мижозларнинг талаби катта. Лекин, мени бино масаласи ўйлантириб қўйяпти. Сабаби, биз бошқа бинода ижара усулида фаолият юритамиз. Агар корхонамиз ўз биносига эга бўлса яна кредит олиб, ишчилар сонини 50-60 нафарга етказиб, уларни янги тикув машиналари билан таъминлаган бўлар эдим.

Маликанинг бу сўрови вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниевга маъқул бўлди ва унга бу масалада вилоят ҳокимлиги томонидан амалий ёрдам бериладиган бўлди.

Маълумот ўрнида: давлатимиз раҳбарининг маърузасидан келиб чиқиб, бағдодликлар бу йил туманда 21,5 мингдан зиёд хотин-қизларни оилавий тадбиркорликка, уй шароитида миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ишига жалб қилиш орқали уларни иш билан таъминлашга келишиб олдилар.

– Тадбиркорни ҳамиша вилоят ҳокимлиги қўллаб-қувватлайди. – деди вилоят ҳокими. – У ким бўлишидан қатъий назар зарур бўлган барча шароитларни яратиб берамиз. Ҳатто маҳсулотини сотишни ҳам ташкиллаймиз.

Шу куни вилоят ҳокимига тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқ берилган кўплаб саволларга қониқарли жавоблар олинди.

Тадбиркорларнинг вилоят ҳокими билан худди шундай учрашув ва мулоқотлари Учкўприк ва Бувайда туманларида ҳам бўлиб ўтди.