Тўкинлик яратувчилари

Жаҳонда  гўшт маҳсулотлари  орасида  етиштириш ва истеъмоли бўйича  парранда иккинчи ўринда туради.  Истеъмол қилинаётган гўштнинг 34 фоизи парранда гўшти ҳиссасига  тўғри келади.

Етти хазинанинг бири саналган товуқ оилага қут-барака, тўкинлик олиб киради. Шу боисдан бугунги кунда паррандачилик иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларидан бирига айланган. Айнан мазкур соҳа аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланишида асосий ўрин тутади.

Фарғона шаҳридаги “Сой бўйи паррандачилик” фермер хўжалиги ҳам   товуқ, товуқ гўшти, тухум етиштиришда салмоқли ютуқларни қўлга киритган. Йигирма йиллик фаолияти давомида жаҳон талабларига мос, паррандачилик ривожи учун зарур бўлган барча шароитлар яратилиб, йилдан йилга кўрсаткичлар оширилди.

Илк  фаолиятимни бошлаган кезларда хонадонимизда 500 та товуқ бор эди.  Ўзим  жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлардим,  – дейди  фермер хўжалиги раҳбари  Қобилжон Қодиров. – Бўш вақтим бўлди дегунча уларни парваришлаб, кўпайтириш пайида бўлардим. Товуқ жуда баракали жонзот.  Агар  парваришлаш тадбирлари тўғри ташкил этилса,  улар  чинакам хазинага айланади. Буни  ўз ҳаётий тажрибамдан кўрдим.   Айниқса,  мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга, рағбатлантиришга қаратилган ислоҳотлар бизга қанот бўлди.  Солиқ имтиёзлари,   мақсадли банк кредит маблағлари  фаолиятимиз ривожида устуворлик касб этди.

Жорий йилнинг бошида хўжаликда Голландиянинг  “Декалп уайт”, “Декалп сэнди”, Германиянинг “Ломанн” зотли товуқлар сони 88 мингтага етди.   Шу кунга қадар улардан тайёрланган 10 тонна  парранда гўшти вилоятимиз аҳолисига, ички бозор талабларини қондиришга йўналтирилди. Қолаверса, бу ерда Самарқанддан келтирилган зотдор жўжалар ҳам 4 ой давомида парваришланади. Жорий йилнинг биринчи чорагида  тухумга кирган жўжалар ҳисобидан хўжалик эхтиёжидан ортиқчаси вилоятдаги фермер хўжаликларига  сотилди. Ҳозирда  хўжаликда асосан 53 минг бош  маҳсулдор товуқлар парваришланмоқда. Улардан ҳар куни ўртача 40-42 минг дона тухум олинади.

Хўжаликнинг 9 нафар аъзоси бор. Бир қарашда 6  гектрдан зиёд майдонни  ўз ичига олган хўжалик учун  ходимлар сони оздек туюлади. Лекин тизимнинг тўғри йўлга қўйилгани, замонавий техникалар татбиқ этилганлиги мушкулни осон қилибгина қолмай, меҳнат самарадорлигини оширмоқда. 2012 йилда Украинанинг “ТЕХНА” компаниясидан 20 мингта катта товуқни боқишга мўлжалланган  ускуна олиб келинди.

2018 йилда эса унданда такомиллашган  Испаниянинг “Зуками”  компаниясидан  1 млрд. 360 млн. сўм банк кредити маблағлари ҳисобидан  38 мингта жўжаларга мўлжалланган ускуна  келтирилди.  Бу ускунада барча  парвариш учун зарур бўлган вазифалар компьютер орқали бошқарилади. Белгиланган миқдордаги озуқа тақсимоти, сув қуйилиши барча жараёнлар автоматик тарзда амалга оширилади.

Отасининг ҳалол меҳнати, ҳаракатчанлиги фарзандларига ҳам ўрнак.   Икки ўғил – Қаҳрамонжон, Қудратжонлар  соҳанинг ривожига ўз ҳиссасини қўшишга астойдил бел боғлашган. Хўжаликнинг гуллаб яшнаши йўлида меҳнат қилмоқдалар.

Хўжаликнинг  80 сотих майдонида ташкил этилган иссиқхонада 300 туп лимон кўчатлари барқ уриб яшнаб турибди.  Уларни оралатиб, помидор экилган.  Қолаверса, сўлимгина боғнинг таровати дилни яйратади. Қизил ранга  кириб,  таъмига таъм қўшилаётган  гилосларнинг ҳосили бундан нишона.

Хўжаликнинг ўтган йилги  фойдаси 915 миллион сўмни ташкил этган.  Албатта, бундай кўрсаткичга эга бўлиш учун хўжалик томонидан аҳоли дастурхонига  7 миллион донадан зиёд тухум, 4285 килограмм гўшт ва бошқа маҳсулотлар тортиқ этилган.

Инсоннинг қўллари мўжиза яратади. Ҳаракатлар натижасида  хўжаликнинг бу йилги даромадлари ҳам ўтган йилдагидан асло кам бўлмайди, шубҳасиз.  Энг муҳими, ҳаётимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлигини таъминлашга астойдил ҳаракат қилаётган инсонлар сафи кенгаймоқда.