Авазбекнинг “Олтин қалам”и

“Рухсор FМ” радиоси орқали тўлқинларга узатилаётган ажойиб лойиҳалар Фарғона радиожурналистикасида ҳам етук ижодкорлар камол топаётганини кўрсатмоқда.

Радионинг бош муҳаррири Авазбек Эгамбердиев бу йил ҳаётга татбиқ этилаётган ижтимоий-иқтисодий давлат дастурларининг амалий ифодаси, аҳоли фаровонлигида тутган ўрни ҳақидаги туркум материаллари учун “Олтин қалам” танловининг “Энг яхши журналистик материал учун”  номинациясининг радио йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби бўлди.

Авазбек муаллифлигида тайёрланаётган “Бекат”, “Ҳаёт чархпалаги”, “Икки тақдир” номли радиоэшиттиришлари ўзига хослиги ва ҳаётийлиги билан тингловчиларни ўзига жалб этмоқда. Ёш журналист телеведение орқали ҳам бир қатор кўрсатувларга муаллифлик қилиб, ижодий изланмоқда. Хусусан, “Ҳамиша ардоғдасиз”, “Мустақиллик”, “Огоҳ бўлинг”, “Тинчлигимиз абадий бўлсин” каби ижтимоий роликлари “Рухсор” телеканали орқали доимий эфирга узатилмоқда. Қолаверса, Авазбекнинг “Йигитлар соати”, “Кўнгилга яқинларим”, “Саломат бўлинг”, “Салом билан” каби лойиҳалари телетомошабинлар ўртасида ўз эътирофини топгани ижодкорнинг юксалишига туртки бермоқда.

– Яқин-яқингача мени радиобошловчи, дейишарди. Энди бу сўзнинг ёнига “Олтин қалам” соҳиби” деган жумла қўшилди. Бу менимча, ҳар бир ижодкорни фахрлантирса керак, – дейди Авазбек. – Бу ютуққа эришишимда мени қўллаб-қувватлаган барча устозларим, жамоадаги ҳамкасбларимга ҳар қанча раҳмат айтсам арзийди. Муҳими, “Олтин қалам” келгусидаги ижодий юксалишимга, янги ғояларга, халқимизга манзур бўладиган лойиҳаларни яратишга руҳлантиради.

Авазбекни эришилган зафар билан самимий муборакбод этамиз!