Энг муносиблар ишончга сазовор

Тошлоқ туманида маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови адолат ва холислик мезонлари асосида ташкил этилиб, халқимизнинг ўзаро уюшқоқлиги ва аҳиллигида якунига етказилмоқда.

Ҳозирга қадар тумандаги 51 та МФЙда вакиллар номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб, ўзлари ишонган энг муносиб номзодга овоз беришди. Шу тариқа 14 та МФЙга амалдаги раислар қайта сайланган бўлса, қолган МФЙлардаги сайловларда янги ва ташаббускор номзодларга ишонч билдирилди.

Ҳудуддаги 768 та оилада 4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бугун 396 нафар вакиллар 3 номзод орасида менга юксак ишонч билдиришганидан беҳад мамнунман,-дейди Қуйи Яккатут МФЙ раислигига қайтадан сайланган Маҳаммаджон Рустамов. – Бундан буён ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, турмуш шароити ва фаровонлигини юксалтириш учун астойдил ҳаракат қиламан. Ишонаманки, муштарак мақсадлар йўлида маҳалла аҳли камарбаста бўлади.