“Кўки”ни кўчадан сотиб олди

Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бу борадаги ҳаддан зиёд маъмурий аралашувлар, ташқи савдо фаолиятини амалга оширишдаги камчиликлар,  чет эл валютаси бозори ва айирбошлаш курсида учраётган муаммоларга барҳам берди.

Бу ўз навбатида тадбиркор ватандошларимизнинг янада кенг имкониятлар билан фаолият юритишларига, иқтисодиётимиз юксалишига, мамлакатимизнинг молиявий қудрати ортишига замин яратади.

Бироқ айни вақтда ҳам валютафурушлик ортидан даромад топишга уриниб, оқибатда қонун олдида жавоб бераётганлар ҳамон учраб турибди. Мураджан Лутфуллаев ҳам ана шу ислоҳотларни тўлиқ тушуниб етганида жиноят кўчасига қадам босмаган бўлар эди.

М.Лутфуллаев қонунга хилоф равишда кўп миқдордаги валюта қимматликларини олиш мақсадида хато йўлни танлади. У Бувайда туманидаги озиқ-овқат дўконларидан бирида махсус харидордан умумий қиймати 23.458.904 сўмлик 2800 АҚШ долларини 23.600.000 сўмга сотиб олган вақтда назорат тадбири иштирокчилари томонидан қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судида айбдор устидан тегишли ҳукм ўқилди. Мураджан Лутфуллаевга 1 йил муддатга белгиланган вақтда яшаш жойидан чиқишни чеклашдан иборат жазо тайинланди.

А.ИСРОИЛОВ,

ИЖҚК Департаменти Бувайда туман бўлими инспектори.