Аҳоли бандлигини таъминлаш – устувор вазифа

Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи чоғида  аҳолини иш билан таъминлаш, даромадларни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган оилалар аниқланиб, уларга имтиёзли кредитларни тўлиқ ажратиш зарурлиги қайд этилди.

Ташриф чоғида белгилаб берилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йилда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманларда янги иш ўринларини яратиш Манзилли дастури ишлаб чиқилди.

Бешариқ туманида тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувда иштирок этган вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев Президентимиз томонидан таъкидлаб ўтилган масалалар ижросига бешариқликлар масъулият билан ёндошишларига ишонч билдирди.

Аҳоли фаровонлигини ошириш учун тадбиркорликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, ишбилармонларга бу борада берилаётган имтиёзларга тўхталиб ўтди.

– Сектор раҳбарлари хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида аҳамият қаратишлари лозим, – деди вилоят раҳбари. –Ташаббус, янги лойиҳалар қўллаб-қувватланади, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги муаммоларга ечим топилади. Бемалол фаолият юритиш зарур, дадил қадам босиш муҳим.

Бешариқ туманида жорий йилда 374 та лойиҳа амалга оширилади. Тўртта сектор ҳудудида 25 минг янги иш ўрни яратилиши кўзда тутиляпти. Тикувчилик, тўқувчилик, жун ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, гилам тўқиш, дўппидўзлик, кўрпа тикиш, каштачилик, гуллар ва декоратив дарахтлар етиштириш, заргарлик буюмлари тайёрлаш, иссиқхона ташкил этишга оид лойиҳалар Манзилли дастур асосини ташкил этиб, уларнинг амалга оиширилиши бешариқлик аёллар бандлигини таъминлайди.

Мулоқотда мутасадди ташкилотлар вакиллари сўз олиб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлганларга тавсиялар беришди. Тадбиркор ва ҳунармандларга берилаётган имтиёзлар, имкониятлар ҳақида айтиб ўтдилар.

“Бешариқ ипаги” масъулияти чекланган жамияти томонидан туманнинг турли ҳудудларидан 1000 гектар ер майдони ажратилиб, тут плантациялари барпо этилади, пилла етиштирилади.

Пиллани ўзимиз етиштириб, шу ерда қайта ишлаймиз, – дейди тадбиркор Мақсуджон Қосимов. – Йилига 400-500 минг долларлик маҳсулотларни хорижга экспорт қиламиз. Асосийси, лойиҳамиз амалиётга татбиқ этилиши билан 14 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади, туманимиз аёллари бандлиги таъминланади.

Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар. Муаммо ва таклифлар ўртага ташланди.

Аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича Манзилли дастурга киритилган лойиҳа ташаббускорлари, лойиҳаларни амалга оширишга бевосита кўмаклашувчи масъуллар иштирокидаги бу каби  учрашувлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилди.