Фарғона кулолчилиги – дунё эътиборида¬

Риштон туманининг Жалаер қишлоғида туғилган Тоҳиржон ота-онаси кулол ҳунарманд бўлмаса ҳам, ёшлигидан кулолчилик ҳунарига қизиқиб, риштонлик усталарга шогирд тушди. Зеҳни ўткирлигидан тез орада бу ҳунарни яхши ўзлаштирди.

Сополга игнада пейзаш, ўртоқлик ҳазиллари чизиш, сўзлар ёзиш санъатини ўзлаштирди. Унинг бу борадаги иқтидори ошган сари кулоллар ўртасидаги обрўйи ҳам мустаҳкамланиб борди. Кулол ҳатто ўзига хос йўлдан бориб, янгилик яратди, сополчиликда ноанъанавий усулни қўллаб, кўпчиликни ҳайратга солди.

Бу усул сополга ўзгача жилолар бериш, игна билан чизиш ва чизгилар устидан нақш юритиш орқали ранг тасвирда мутлақо бошқача йўлдан бориш эди. Ана шу мақсадига эришган кулол кўпгина кўргазмаларда қатнашиб совринли ўринларни эгаллади.

Йиллар ўтиб, ҳунарманднинг соҳада эришган ютуқлари муносиб тақдирланди ва унга давлатимизнинг “Дўстлик” ордени топширилди.

Тоҳиржон Ҳайдаровнинг “Музей-устахона”сида ҳунар ўрганиб, яхшигина сополчилик асарларини яратаётган шогирдлари сони йигирма нафардан ошиб кетди. Яратилаётган маҳсулот турлари эса юзга яқин. Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз, Термиз, Қарши каби сайёҳлар кўп ташриф буюрадиган шаҳарларда савдога қўйилган кулолчилик маҳсулотлари орасида Тоҳиржон ва унинг шогирдлари томонидан яратилган турли-туман лаганлар, кўзалар, ҳар хил шаклдаги миниатюра асарларини кўриш мумкин. Бу асарлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади.

– Бўлажак фестивалга тайёргарлик жараёнида “Уй-музей”им ҳузурида алоҳида “Уй-меҳмонхона” ташкил қилдим, ­– дейди ҳунарманд. – Янги дизайн асосида жиҳозлар яратилди. Ташриф буюрган сайёҳлар бу ернинг иқлими, атроф муҳити билан танишгиси келса, бемалол қолиши мумкин. Ўзбекона овқатлар тайёрлаб берамиз, суҳбатлар уюштирамиз. Яқинда Фарғона давлат университетида кулолчилик мактаби очдик. Бу ҳунарга қизиққан ёшлар жуда кўп экан. Улар билан қулай вақтларда машғулотлар ўтказяпмиз. Бу машғулотларда ўғлим Темурбек ҳам қатнашяпти.

Туризм йўли билан Фарғонага келаётган сайёҳлар Ҳайдаровнинг уй-музейида бўлишяпти. Яқинда Малайзия, Брунейдан келган сайёҳлар бу ерда  сополчилик асарларини кўриб катта таассурот олдилар.

Миллатни тарихсиз, маданиятсиз тасаввур этиб бўлмайди. “Уй-музей”имга хонадонлардаги эски китобларни, кўза, хум, мис лаган, қумғон каби экспонатларни йиғиб қўймоқдаман. Катта хонани кутубхонага айлантирганман. Унда элликдан ортиқ адибларнинг сиймоларини шарж тариқасида 25 йил аввал чизган асарларим бор. Экспонатлар сони 1000 тадан ортади. Хонликлар тарихига оид шажараларни ҳам лаганда акс эттиришга ҳаракат қилганман.

Тоҳиржоннинг яна бир ўғли Элбекнинг эса бошқача,  қадимий нақшлар ва кошинлар устида олиб бораётган иши диққатни тортади. У Риштоннинг йўқолиб бораётган қадимий услубларини йўлга қўйди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши томонидан ўтган йили Темурбек Ҳайдаров ижодий ишлари ўрганиб чиқилиб, “Музей-устахона” қошида “Уста-шогирд” мактаби очиб берилди.

Бугун бу ерда ўндан ортиқ қишлоқ ёшлари кулолчилик сирларини ўрганмоқдалар ва таклиф қилинаётган таниқли, номдор кулоллардан қадимий ҳунар сирларидан сабоқ олмоқдалар.

– Тоҳиржон Ҳайдаровнинг ижодхонаси, “Уй-музейи”ни кўриб  ҳайратландим, – дейди тарих фанлари номзоди Тўлқинжон Зоҳидов. – Қўқонда бўладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида унинг ишлари алоҳида эътирофга сазовор бўлишига ишонаман.

Ҳамиджон БУРҲОНОВ.