Янги имкониятлар ва имтиёзлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 апрель кунги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори асосида бир қатор ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Яқинда махсус мухбиримиз ушбу қарорга кўра амалиётга жорий этилаётган янгиликлар хусусида Давлат тест марказининг Фарғона вилояти бўлими бошлиғи Исмоилхон Шокиров билан суҳбатлашди.

Бу қарорда олий таълим муассасаларининг кундузги, сиртқи, махсус сиртқи ва кечки (сменали) таълим шаклларига ўқишга қабул қилишнинг умумий ҳамда алоҳида тартиб-таомиллари белгиланди,-дейди И. Шокиров. – Янги тартиб бўйича мақсадли қабул квоталари тасдиқланган таълим йўналишларига қабул муайян ҳудудда доимий яшайдиган умумий ўрта (илгари мақсадли қабулга топшириш учун фақат ўша ҳудуддаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маълумотига эга бўлиш керак эди), ўрта махсус, касб-ҳунар маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжатга эга бўлган ва кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади. Бундан буён абитуриентлардан олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома талаб қилинмайди.

Шунингдек, имтиҳон топширмай давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинадиган абитуриентлар таркиби янада кенгайтирилди. Тавсияномалар бериш бўйича республика комиссияси тақдимномаси асосида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаол аъзолари, Наманган вилоятидаги Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни аъло баҳоларга битирган битирувчилар имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинувчилар қаторига киритилди. Ўз навбатида ҳар бир ҳарбий қисмдан биттадан ёш ҳарбий хизматчи қисм қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига асосан ўқишга имтиҳонсиз қабул қилинади.

Президентнинг 2019 йил 3 май кунги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тартиб бўйича  математика, физика, кимё, биология, информатика фанларидан халқаро олимпиада ғолиблари давлат олий таълим муассасаларига тест синовисиз ҳамда қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадиган бўлди. Бу рўйхатда келтирилмаган халқаро ва минтақавий фан олимпиадалари мақоми асосий олимпиадаларнинг республика босқичига тенглаштирилади ва улар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб асосий олимпиадаларнинг республика босқичида 1-3 ўринларни эгаллаган иштирокчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификат тақдим этилади.

Амалиётга жорий этилган қўшимчалар билан сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланди. Магистратурага киришда мутахассисликка мос саволлар асосидаги суҳбат, информатика ва ахборот технологиялари, Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси ва амалиёти фанлари бўйича синов бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари совриндорлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари бўлган бакалавр даражасига эга ёшлар магистратуранинг таълим йўналишига мос ва турдош мутахассисликларига танловдан ташқари алоҳида давлат грантлари асосида қабул қилиниши белгилаб берилди.

Халқаро тан олинган чет тилини билиш даражаси ҳақидаги сертификат ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан чет тилини билиш даражаси ҳақидаги В2 ёки С1 даражасидаги сертификат тақдим этганларга чет тилидан 50 балл қўйилади ва улар чет тилидан кириш синовида иштирок этмайди. Илгари бу натижалар TOEFL бўйича камида 58 (ҳозирда 72) ва IELTS бўйича камида 5 (ҳозирда 5,5) балл бўлиши керак эди.

Айни жараёнда талабалар ўқишини кўчириш ва қайта тиклаш, хорижий олий таълим муассасаларида ўқиётган талабаларнинг Ўзбекистон ҳудудидаги олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш бўйича ҳам қўшимчалар киритилди. Ўқишни баҳорги сместрга қайта тиклаш бўйича ариза топшириш ҳар йили 15 январдан 25 январгача давом этади. Давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат шу йўналишда таҳсил олган талабалар тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади. Кўзи ожизлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни истисно этганда, бошқа ҳолларда, шунингдек, хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Таъкидлаш ўринлики, эндиликда талаба олий таълим муассасасидан одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирда талабаликдан четлатилиши мумкин. Шу билан бирга суд қарорига кўра кириш имтиҳонларида тартибни бузганлиги аниқланганда (ушбу ҳолатда талабалар сафидан четлаштирилганлар талабалар сафига қайта тикланмайди) талабалар сафидан четлаштирилиши белгиланди.