Белорусь маданий маркази аъзолари Риштонда

Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган буюк ғалабанинг 74 йиллиги арафасида Риштон тумани ҳокими номига Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Л.А.Маринич номидан факсограмма келди. Унда, шундай жумлалар бор эди:

“Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Сизга шуни чуқур ҳурмат билан маълум қиладики, тумандошингиз, Белоруссиядаги партизанлик ҳаракати аъзоси, Совет Иттифоқи Қаҳрамони М.Топиволдиев туғилган кунининг 100 йиллиги ва вафотининг 50 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳридаги “Свитанак” Беларусь маданий маркази томонидан Риштонда тантанали тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Шу муносабат билан Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида фаолият юритиб келаётган Беларусь маданий маркази аъзолари Хотира ва Қадрлаш куни арафасида тумандаги М.Топиволдиев қабрига гулчамбарлар қўйиш, қариндош-уруғлари билан учрашиш ва унинг номидаги мактабда “Катюша” номли фольклор хор жамоасининг концерт дастурини намойиш этиш кун тартибидан ўрин олган.

Яқинда Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Александр Соловьёв ҳамроҳлигида “Свитанак” Беларусь маданий маркази раиси Светлана Дудюк раҳбарлигидаги жамоа Риштон туманига ташриф буюрди.

– 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида уруш қаҳрамони Мамадали Топиволдиевнинг Ватанида бўлиш биз учун шараф, – деди А.Соловьёв.

Белоруссияни озод этишда мислсиз қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган ва бугунги кунда ҳам Могилёв вилоятининг Круглянский тумани халқи томонидан катта ҳурмат билан тилга олинадиган Мамадали Топиволдиев юртига келиб, уни хотирлаш ҳар йили анъанага айланиб қолган.

Келгусида ҳар икки туман ўртасида маданий, иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, қўшма корхоналар очиш, риштонлик ҳунармандларнинг маҳсулотларини Белоруссияда тарғиб қилиш орқали савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш орқали туризмни ривожлантириш ҳақида туман ҳокими билан музокаралар олиб борамиз, деган умиддаман.

Ташрифимиз мактабдан бошлангани барчамизни қувонтириб юборди, – деди “Свитанак” Беларусь маданий маркази раиси Светлана Дедюк. – Уруш қаҳрамонлари ҳақида гап кетганда албатта, Мамадали Топиволдиев кўз олдимизда намоён бўлади. Мен Топиволдиевни қанчалик таниганим сайин у кишининг урушдан кейин ҳам кўнгли очиқ, меҳрибон инсон, ташкилотчи, ажойиб раҳбар бўлганлиги ҳақидаги кўплаб маълумотларга эга бўлдим.

Мамадали Топиволдиевнинг иккинчи жаҳон урушидаги мадрлиги, қаҳрамонлиги ҳали-ҳануз Круглянский туманида яшовчи одамларнинг тилидан-тилига кўчиб юради. Номини мангуга муҳрлаш мақсадида у жанг қилган қишлоқ Топиволдиевка деб номланиши ҳам қаҳрамоннинг ўзга юртда қанчалик қадр топганлигидан сўзлайди.

Шу куни меҳмонлар тумандаги уруш қаҳрамони номи билан аталувчи 27-умумтаълим мактабига ташриф буюришди. Анъанага кўра мактаб жамоаси меҳмонларни нон-туз билан кутиб олдилар. Қаҳрамон ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, таъзим бажо келтирилди.

Мактаб ўқувчилари томонидан намойиш этилган концертда рус, ўзбек ва белорус тилларида дўстлик ва тинчликни мадҳ этувчи қўшиқлар янгради. Ўз ўрнида “Катюша” номли фольклор хор жамоасининг чиқишлари рақсларга уланди.

Тадбирдан сўнг меҳмонлар Пандигон қишлоғидаги Мамадали Топиволдиев мангу қўним топган қабристонни зиёрат қилиб, монумент пойига гулчамбар қўйдилар.

Зоҳидон қишлоғида ташкил қилинган музейдаги қаҳрамоннинг иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган мислсиз жасорати, қаҳрамонлиги ва тинчлик йилларидаги фаолиятини акс эттирувчи фотолавҳалар, кўргазмалар меҳмонларда катта таассуротлар қолдирди.