Фарғонада байрам тантаналари

Шу йилнинг 8 май куни вилоятимизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бир гуруҳи 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимизда бўлиб ўтган байрам тантаналарида иштирок этиши учун вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали равишда кузатиб қўйилди.

Замонавий “Малибу” автомашиналарида йўлга чиққан элимиз ардоғидаги қаҳрамонларимиз Тошкентдаги “Ботаника” боғида ўтказилган байрам тантанасида қатнашиб, Президентимиз билан юзма-юз кўришиш бахтига муяссар бўлдилар.

***

2019 йил 9 май. Фарғона шаҳридаги Хотира майдони ҳар қачонгидан файзли ва гавжум. Юртимиз баҳори ўз кўрку тароватини тўлиқ намоён этган гўзал хиёбонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, вилоятимиз фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар жамулжам бўлишган.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этди ва “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган минглаб ҳамюртларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, молия, банк, солиқ идоралари, Фарғона шаҳар ҳокимлиги номидан “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Вилоятда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар, таълим муассасалари ва меҳнат жамоалари, фахрийлар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйиб, халқимизга хос ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини намоён этишди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари тантанали саф тортиб ўтдилар.

Шу куни Хотира майдони уруш йилларидаги муҳитни акс эттирувчи саҳна кўринишлари билан безатилди. Қўмондонлик штаби, тиббиёт пункти, дала ошхонаси, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар жойлаштирилди. Жанг майдонларида ўзбек аскарлари кўрсатган мардлик ва жасорат, ота-боболаримизнинг фронторти меҳнат фаолияти, уруш азоб-уқубатларини бошидан кечирган оилалар ҳаёти акс эттирилди.

Бу каби ўзига хос ёндашувлар ҳамюртларимиз, айниқса, янги авлод қалбида мардлик ва жасорат, ватанпарварлик туйғуларини тарбиялайди,-дейди ҳарбий хизматчи Русланбек Шеримбетов. – Бугун юзлаб ўқувчи ёшларимиз боболаримизнинг уруш йилларидаги қаҳрамонликлари борасида аниқ тасаввурга эга бўлишди, ўша давр қийинчиликлари ва машаққатларини яққол ҳис этишди.

***

Фарғона шаҳридаги “Жасмин” тантаналар мажмуасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронторти фахрийлари, мустақиллик йилларида  жасорат ва мардлик кўрсатган ҳарбий хизматчилар учун вилоят ҳокимлиги томонидан байрам тадбири ўтказилди.

Тантанада вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев байрам иштирокчиларини Хотира ва Қадрлаш куни билан самимий муборакбод этди.

Байрам тадбирида вилоятнинг барча шаҳар-туманларидан келган Иккинчи жаҳон  уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари топширилди.

Тантанада фарғоналик санъат усталарининг чиқишлари фахрий отахонларни даврага чорлади. Қўшиқларда тинчлик, бугунги бахтли ҳаётимиз тараннум қилинди. Уруш даври мусиқалари ва ашулалари, театрлаштирилган томошалар ижро этилди. Уруш ва меҳнат фахрийларининг куй-қўшиқларга ҳамоҳанг рақсларини барча бирдек олқишладилар.