Хитойга гилос экспорт қилинади

Шу йилнинг 8 май куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев “Wuxi Tianran Agriculture and Forestry Technology” компанияси директори Руи Понг бошчилигида Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган бир гуруҳ тадбиркорларни қабул қилди.

Учрашувда вилоят ҳокимлиги, божхона бошқармаси мутасаддилари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Хитойлик тадбиркор Руи Понг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўрганиш ва етиштириш билан шуғулланувчи корхонаси ҳақида маълумот бериб, мева-сабзавотларни сақлаш ва қайта  ишлаш фаолиятининг асосий йўналиши эканлигини таъкидлади.

2017 йили Пекин шаҳрида ўтказилган халқаро ярмаркада Ўзбекистон гилосларининг экологик жиҳатдан тозалиги ва мазаси ширинлиги бизга жуда ҳам ёққан эди,- дейди Руи Понг. – Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш борасида катта салоҳиятга эга эканлигини яхши биламиз. Бу маҳсулотларни жаҳон бозорига олиб чиқиш мақсадида жорий йилдан бошлаб вилоятингиздан гилос харид қилиш режалаштириляпти.

Таъкидланганидек, ўзаро келишув асосида хитойлик тадбиркорлар дастлаб вилоятимиз боғларида етиштирилган 8 тонна гилосни сотиб олиш, кейин эса уни қайта ишлаш билан шуғулланиш истагида эканлигини билдиришди. Учрашув чоғида серқуёш юртимизда шарбатга тўлиб пишган гилоснинг сифати бузилмаган ҳолда қуритилган ва қадоқланган намуналари намойиш этилди.

Мулоқот давомида вилоят ҳокими Ш.Ғаниев томонидан “Фарғона” халқаро аэропорти мутасаддилари ҳамда вилоят божхона бошқармаси масъул ходимларига Хитойга гилос экспорт қилишда қулайлик яратиш борасида амалий тавсиялар берилди. Музокаралар якунида хитойлик тадбиркор ва Фарғона шаҳридаги “Сайқал” кўп тармоқли корхона раҳбари А.Ниёзов ҳамкорлигида қўшма корхона фаолияти шакллантириладиган бўлди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик кўлами тобора ривожланиб боришида мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ истиқболга мўлжалланган дўстона алоқалар муҳим дастуриламал бўлаётгани мамнуният билан эътироф этилди.