Қаҳрамонлар ҳамиша элимизнинг ардоғида

Президентимизнинг 2019 йил 23 апрель кунги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони, “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятимизда эъзоз ва эҳтиром тадбирлари бўлиб ўтди.

Айни пайтда вилоятимизда 80 нафардан зиёд Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари истиқомат қилади. Байрам муносабати билан вилоят ҳокимлиги, тўртта сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, таълим муассасалари, нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар иштирокида ушбу хонадонларга ташрифлар амалга оширилиб, юзма-юз суҳбатлар ўтказилди.

Ҳарбий оркестр ижросидаги уруш йиллари куй-қўшиқлари, ўғил-қизларимиз тилидан янграган шеърлар, рақслар қаҳрамонларимизнинг кўнглини тоғдек юксалтирди.

Бугунги кунда Марғилон шаҳрида 6 нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари умргузаронлик қилмоқда. А.Навоий МФЙда яшовчи Жамолиддин ота Жалилов қарийб бир асрлик умр йўлини босиб ўтди. Ҳозирда 4 нафар фарзандлари, 35 набира ва 20 нафарга яқин чеваралар ардоғида бўлган уруш фахрийси хонадонига вилоят ҳокими, вилоят ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шуҳрат Ғаниев ташриф буюрди.

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Марғилон шаҳар ҳокимлиги ва фаоллари, маҳалла аҳли ва ўқувчи ёшлар иштирокидаги учрашувда вилоят ҳокими муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жамолиддин ота Жалиловга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Файзли хонадон соҳибига 7,5 миллион сўм пул, замонавий кир ювиш машинаси ва бошқа қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

1941 йили ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, 94-ўзбек дивизияси таркибида Москва, Ленинград, Сталинград жангларида қатнашдим,-дейди Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Ж.Жалилов. – Жангларда уч маротаба жароҳатландим. Урушдаги қаҳрамонликларимиз туфайли кўплаб ўзбек жангчилари қаторида бир қатор орден ва медалларга сазовор бўлдим. Президентимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлиги самараси сифатида имтиёзли равишда муборак Ҳаж зиёратига бориб келдим, оиламиз эҳтиёжи учун “Дамас” автомашинаси ажратилди.

Марғилон шаҳрининг Бахрин МФЙда яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Дадавой Аҳмадалиев, Фарғона шаҳар, Машъал МФЙда истиқомат қилувчи Вера Вальцова, С.Темур МФЙда яшовчи Урмас Бекирова хонадонларида ҳам кенг жамоатчилик иштирокида мароқли суҳбатлар уюштирилди. Вилоят ҳокими Иккинчи жаҳон уруши фахрийларига Президентимиз томонидан йўлланган байрам табригини ўқиб берди ва қимматбаҳо эсдалик совғаларини тақдим этди. Ҳарбий оркестр чиқишлари, болажонлар томонидан ижро этилган шеърлар ва қўшиқлар қаҳрамонларни беҳад қувонтирди.

Бундай эътибор ва рағбат умримизга умр қўшмоқда,-дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 93 ёшли Вера Вальцова. – Аслида биз ҳамиша давлатимиз, Президентимизнинг меҳр-ардоғида яшамоқдамиз. Эзгулик ва яхшиликка хизмат қилувчи бу каби тадбирлар янги авлод вакиллари учун ўзига хос ибратдир.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари билан ташкил этилган бундай мулоқотлар давомида юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт, дориломон кунлар бардавом бўлиши учун дуога қўл очилди. Қаҳрамонлар ёди ҳамиша барҳаёт эканлиги ҳамда бугунги фаровон ҳаётимиз файзи бўлган фахрийларимиз элимизнинг эъзозида бўлиши таъкидланди.