Қирқ биринчи йил олмалари…

Ёдимда қолган кинофильмнинг номи шундай эди: “Қирқ биринчи йил олмалари”.

Кейинги пайтда негадир шу ном онгу шууримни тарк этмай қолди. Эҳтимол, жангоҳлардан омон қайтган боболар, уруш орти қатнашчилари билан бўлиб ўтган суҳбатлардаги лавҳалар ана шу номни ёдга солаётгандир.  Балким, юрагим пучмоқларидан садо бераётган туйғу  — Ватанга кўксини  қалқон қилган азиз жонларимга садоқатимни айтгим келаётгандир.

Уруш қатнашчилари бирин-кетин дунёдан ўтиб кетмоқдалар. Вақт шамоли уларнинг қаддиларини букиб, қуёшларини уфқ ортига яширди. Фронт орти қатнашчиларининг сафи ҳам тобора озайиб бормоқда. Падари бузрукворлари, оғаларини урушга кузатиб интизорлик дардини торта-торта умр шомини қаршилаган онахон ва отахонлар эса бугун табаррук ёшдалар.

Улар урушни кўрмаганлар. Лекин болалик, ўсмирлик йиллари алам ва изтироблар, соғинчу ҳижронлар исканжасида ўтган. Улар юртдан жуда-жуда олисларда,  Россия, Европа томонларда рўй бераётган урушнинг ўткир нафасини лойсувоқ томли уйлар ичида, олмалар ғарқ пишиб, шохлари ерга эгилган ҳовлиларида сезиб туришарди.

Ўша узоқлардаги уруш ҳатто мактаб парталарида ўтирган қора-қура,  оёқяланг,  йиртиқ-ямоқ кийимдаги болаларга совуқ нафасини юбориб турарди. Баъзан кимдир йиғидан кўзи қизариб келар, урушдан келган учбурчак хат (халқ тили билан қора хат дейиларди) болалик орзуларини янчиб ташлаганини гапириб берарди.

Ҳарбий эшелонларда ўзбек аскарларига“Фронтга” ёзуви билан мева-чева, туршак-қоқилар, кийим-бош, иссиқ кийимлар, жундан тўқилган пайпоқларгача юбориларди.  Хатто Ватандан мужда деб бир чаноқ пахтани ҳам жўнатмалар ичига солиб қўйишарди.

Аёлларнинг фронтга деб топширган тугунлари ичида оталари, оғалари, ёрлари учун насибалар бўларди. Кийим-кечаклар юзасида рўмолча, икки энлик мактуб.

Қор-ёмғирлар ёғса оналарнинг ичига ёғар, болаларнинг ёрилган товонлари ачишиб азоб берар, уйларнинг томидан чакка ўтар, пахса деворларнинг нурай бошлаган  қисмлари лойга айланиб ер узра тушар, этиклар оғирлашиб, қадамлар секинлашарди.

Машъум хабарлар келганда уйлар йиғи овозига тўлиб кетарди. Ўзбек аёлининг йиғиси. Дунёдаги ҳеч бир йиғи бу нолага тенг келолмас. Беозорим вой отам, шамол бўлиб келасизми, ёмғир бўлиб ёғасизми , кўзларимнинг хуморини ёзасизми, жоним отам…Хотин-халажнинг бу каби айтимларига чидаб бўлмасди.

Зоғора ноннинг тансиқ ҳиди атрофни тутганда болаларнинг қиёссиз қувончини кўриб, дод дегинг келади. Шугина нонни, гўжа ошни кутиб ухламай, кўзлари дастурхонга нигорон термулиб турган болаларга жонларини садақа қилгувчи оналарнинг ўзлари сурпаларини қайнатиб ичган кунлари кўп бўлган. Исмалоқ, тут қоқи билан нафсини тергаб, ёғли паловни етимчаларга едирган оналарнинг сабрлари қиёссиз эди ўшанда.

Бир бурда нонни ўзи емай набираларига едириб, очликдан шишиб ўлган кекса оталар, йиртиқ-ямоқ кўйлагини одамлардан яшириб кўчага чиқишдан ор қилган онаизорларнинг иймон кўприкларидан аста-секин ўтиб улғайди бу авлод.

Тобут кўтарилганда тўн кийиб, қийиқ бойлаган сабий йигитчалар кекса чолларнинг сафига кириб тобут елкалашга ошиқардилар. Ҳа, марҳумларнинг тобутларини елкалаган эл бир-бирининг юкини ҳам елкалади. Иккинчи жаҳон уруши халқ бошига қанчалик кулфату аламлар солмасин, одамлар қалбида ягона таскин қулф уриб очилиб турарди. Бу меҳр-оқибат, эзгулик, юртга, тинчликка муҳаббат эди.

Қирқ биринчи йил олмалари. Онажонларнинг ёноқларига ўхшаган олмалар қирғинбарот уруш майдонларига етиб борган. Қирқ биринчи йил изтироблари.  Аламларини ичига ютиб яшаган онаизорлар уруш эсдаликларини кўксиларига жойлаб бу дунёдан армон билан кетдилар, ҳаёт бўлганлар хотиралари ҳамон маҳзун .  Қирқ биринчи йил кундаликлари. Улар дунёнинг сарғайган дафтари янглиғ авлодлар нигоҳида ҳамон ўқилмоқда.  Қарийиб етмиш тўрт йилдирки,  авлодлар урушни лаънатлаб, тинчликни олқишлаган оталар жасоратини тараннум этиб келади.

Қирқ биринчи йил лолалари. Улар бағри қон кунларга вола очилиб, сўлган эди. Бугун эса қир-адирларда очилган лолалар қадриабад кунларнинг шукронаси бўлиб чўғдек товланиб турибдилар…