Фарзандини пуллаган аёллар

Мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотларда товламачилик, фирибгарлик, гиёҳвандлик каби иллатларга ошно тутинган, арзимаган пул учун, ҳатто, ўз фарзандини сотишга уринган аёллар ҳам учраётганини кўрсатади.

Йигирма ёшли Нилуфар Мелиқўзизода ана шундай жиноятни содир этиб жавобгарликка тортилди. У шериги Гулмира Очилова билан жиноий тил бириктириб, ўз дилбанди, 2017 йилда туғилган Мустафо Мелиқўзизодани сотиб бойлик орттириш мақсадида режа тузганлар.

Хуфёна режага кўра, Г.Очилова Фарғона шаҳрида яшовчи бола сотиб олиш ниятида юрган шахсларни топиб, уларни Нилуфар билан учраштириш, чақалоқни сотиш масаласини гаплашиш ҳақида келишиб оладилар.

Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда жирканч ҳодисанинг олди олинди. Г.Очилова ҳамда Н.Мелиқўзизода гўдакни махсус харидорга 13.000 АҚШ долларига сотаётган вақтда қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди томонидан ҳар икки аёлга тегишли жазо тайинланди. Мустафо Мелиқўзизоданинг тақдирини ҳал қилиш масаласи Фарғона шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик органининг зиммасига юклатилди.

Ана шундай аёллардан яна бир гуруҳи суд курсисида жавоб берди. Озодахон Холмирзаева илгари ҳам жавобгар сифатида судланган Маҳфуза Ғуломова билан ўзаро тил бириктириб, манфур ишнинг бошини тутдилар. Улар Маҳфузанинг жияни Наргизанинг фарзандини осонгина пулламоқчи бўлишди. Наргиза Иномжонованинг 2018 йил 24 мартда туғилган фарзанди Музаффар Иномжоновни туғруқ бўлимидан олиб чиқиб, З.Назировага топширадилар. Чақалоқ билан биргаликда унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини, тиббиёт варағини, чақалоқнинг бобоси ва бувиси томонидан ёзилган розилик тилхатини ҳам берадилар. “Харидор”дан аввал келишиб берилган 50 АҚШ долларидан ташқари пулни, яъни 9950 АҚШ долларини қуртдек қилиб санаб оладилар. Ушбу пулнинг 2100 АҚШ доллари М.Ғуломованинг кўрсатмаси билан унинг қизи Д.Ашуровага берилган вақтда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олиндилар.

Кимёвий ишлов берилган пуллар, гувоҳларнинг кўрсатмалари, далиллар уларнинг жиноятини яна бир карра ойдинлаштирди.

Озодахон Холмирзаева ҳамда Маҳфуза Ғуломовалар суд ҳукми билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Давлатжон АШУРОВ,

Жаҳонгир УСМОНОВ,

ИЖҚК Департаменти вилоят

бошқармаси катта инспекторлари.