Дўстона муносабатларнинг янги босқичи

Шу йилнинг 25-27 апрель кунлари Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида бўлиб ўтган «Бир макон, бир йўл» 2-Халқаро Форумида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги делегациянинг иштирок этиши жараёнида мамлакатимиз тараққиёти учун хизмат қилувчи муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Форумда дунёнинг 40 дан ортиқ давлат раҳбарлари ҳамда БМТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар мутасаддилари иштирок этди.
Унда Фарғона вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниевнинг Хитой Халқ Республикаси Хубэй провинцияси раҳбари Ван Сяодуннинг расмий  таклифига биноан иштирок этиши ҳам вилоятимиз аҳли учун қувонарли воқеа бўлди.

Вилоят ҳокими Хубэй провинцияси ҳукумати вакиллари томонидан кутиб олинди ва Хубэй вилоятининг эсдалик китобига эзгу тилакларини ёзиб қолдирди.

Форум доирасида вилоят ҳокими “Ning Bo Stone Paper Environmental Materials Co. Ltd” компанияси директорлар кенгаши раиси Томас Хоу билан учрашди.  Учрашувда томонлар Фарғона вилоятида тошдан қоғоз ишлаб чиқариш инновацион лойиҳасини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб бордилар. Учрашувда йилига 3600 тонна тошдан қоғоз ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган умумий қиймати 7 млн. АҚШ долларига тенг бўлган инновацион лойиҳани Фарғона вилоятида амалга ошириш учун англашув меморандуми имзоланди. Лойиҳа доирасида 60 дан зиёд янги иш ўрни яратилади ҳамда юқори сифатли, экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шуҳрат Ғаниев ва делегация аъзолари жаҳоннинг йирик давлат арбоблари ва сиёсатчилари иштирокида “Ҳудудлараро ҳамкорлик” мавзусидаги конференцияда қатнашдилар. Конференция доирасида “Бир макон-бир йўл” ташаббусини амалга оширишда ҳудудлараро иқтисодий, ижтимоий, маданий, таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг афзалликлари, бугунги кунгача бу борада қўлга киритилган ютуқлар хусусида экспертларнинг маърузалари тингланди. Учрашув якунида Ш.Ғаниев Хубэй телевидениеси ва бошқа бир қатор телевидениеларга Фарғона вилоятининг Хитой ҳамда Хубэй провинцияси билан ўрнатилган алоқалари ҳамда Форумдан олган таассуротлари тўғрисида интервью берди.

Шунингдек, ХХРнинг «Shanxi Zhongya Building Material Co. Ltd.» компанияси раҳбарлари билан ҳам музокаралар ўтказилди. Ушбу компания томонидан вилоятимизга 3 йил давомида қурилиш материаллари, кўмир конини ўзлаштириш ва муқобил энергия ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириши учун 150 млн АҚШ доллари миқдорида сармоя киритишга келишиб олинди ва англашув меморандуми имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда вилоятимизда хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда 12 та қўшма корхона самарали фаолият кўрсатмоқда. Икки томонлама манфаатли ҳамкорлик келишувлари асосида киритилаётган инвестициялар вилоятимизда янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик ва экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ҳамкорлик кўламини янада ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА.