Фурқат туманида 110 та янги иш ўрни

Муҳтарам Президентимиз томонидан ҳаётга татбиқ этилган бешта эзгу ташаббус ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар самараси сифатида Фурқат туманида дастлабки объектлар фойдаланишга топширилди.

Китоб дўконлари ва кинотеатр, тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган оилавий корхоналар, компьютер саводхонлиги марказлари ҳамда спорт клублари фаолияти йўлга қўйилиши орқали ўтган қисқа вақт ичида туманда ёшлар учун ўнлаб йўналишларда замонавий шарт-шароитлар яратилди.

Туманнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Полвонтош МФЙда “Ортиқова Шоҳидахон Маҳмудовна” оилавий корхонаси фаолият бошлаши натижасида маҳалланинг 70 нафар хотин-қизлари иш билан таъминланди. Шу маҳаллада яшовчи Гулмира Эргашева, Муяссар Сиддиқова сингари опа-сингилларимиз икки сменада иш ташкил этиб, хориждан келтирилган янги тикув машиналарида бежирим либослар тикишни бошлашди. Полвонтош МФЙ раиси Жаҳонгир Ҳусановнинг эътироф этишича, шу кунларда туман марказидан 25 км олисда жойлашган маҳаллада хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида бир неча тадбиркорлик субъектлари фаолияти йўлга қўйилгани эътиборга сазовордир.

Нодиржон Тошқўзиевнинг саъй-ҳаракатлари билан Чек-чувалдоқ МФЙдаги қаровсиз эски масжид биноси ўрнида бокс ва машғулотлар зали ташкил этилди. Спорт комплекси иш бошлаган дастлабки кунларнинг ўзида маҳалланинг 100 нафардан зиёд ёшлари бокс, енгил атлетика тўгаракларига аъзо бўлишди. Айни кунларда лойиҳанинг яна бир йўналиши – сузиш ҳавзаси қурилиши ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Бу ҳудуд ёшларини спорт машғулотларига қамров даражасини янада оширишга хизмат қилади.

Фурқат тумани марказида фаолият бошлаган “Навбаҳор” кинотеатрида 200 ўринли муҳташам томоша зали бунёд этилди. Тадбиркор Нурали Ғаниев яқин истиқболда ўриндиқлар сонини 300-350 тага етказиш, доимий равишда маданий-маърифий тадбирларни ўтказиб боришни устувор вазифа сифатида белгилаган.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 13 та лойиҳа доирасида ташаббускор тадбиркорларимиз томонидан 5 миллиард 563 миллион сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилиши таъминланди,-дейди Фурқат тумани ҳокими ўринбосари Баҳром Абдуллаев. – Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун 615 миллион сўм миқдорида банкнинг имтиёзли кредитлари ажратилди ҳамда 110 га яқин янги иш ўринлари яратилишига эришилди.