Чиқиндисиз муҳит билан даромад манбаи яратилади

Йилдан йилга маиший ва саноат чиқиндилари ҳажми ортиб бормоқда. Уларни қайта ишлаш  ва утилизация қилиш  экология ифлосланишининг олдини олибгина қолмай даромад учун ҳам кенг имконият яратади. Мухбиримиз вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК директори  Воҳиджон Зохидов билан билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 апрелдаги  «2019-2028 йиллар  даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший  чиқиндилар билан  боғлиқ ишларни  амалга ошириш стратегиясини  тасдиқлаш тўғрисида»ги  қарори тизимга инновацион ёндашувларни татдиқ этишда дастуриламалга айланди. Мазкур  ҳужжат  чиқиндилар бўйича муаммоларни  ҳал этишда  амалга ошириладиган ишларнинг  стратегик йўналиши бўлиб хизмат қилади.  Бу чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги  ҳаракатлар самарадорлигини  ошириш,  қаттиқ маиший чиқиндилардан қайта фойдаланиш ва қайта ишлаш кўламини кенгайтиради. Вилоятда ҳосил бўладиган  полигонларга ўртача  бир кунда  жами  3080  тонна маиший чиқиндилар киритилади. Мазкур корхоналар тасарруфидаги  181 та махсус  техникалар томонидан  23 та полигонларга чиқиндилар ташиб борилади. “Тоза ҳудуд” ДУК ва унинг 19 та филиаллари  ҳамда 21 та хусусий  санитар корхоналари  асосан  шаҳар ҳудудларида, туман марказларида истиқомат қилувчи аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Яқин орада хизмат кўрсатиш сифати ва аҳолини қамраб олиш кўламини юксалтириш, санитар корхоналар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида санитар хизматлар кўрсатувчи  ташкилотлар томонидан  қўшимча  жами 225 дона 107,1 млрд. сўмлик махсус техникалар харид қилиш режалаштирилган.  Белгиланган режаларнинг амалга ошиши бир жиҳатдан  “Тоза ҳудуд” ДУК  ва хусусий  санитар корхоналарининг аҳолидан бўлган 14,1 млрд. сўм дебитор қарздорлиги ундирилишига таянади.

Маълумки, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни  амалга ошириш бўйича  ҳаражатлар  чиқиндиларни ҳосил қилувчилар томонидан  қопланади. Қарорда кўзда тутилган  “Ифлослантирувчи тўлайди”  принципи  хизмат кўрсатувчи ва  аҳоли ўртасидаги  муаммоларни бартараф этиш, тўловларни  ўз вақтида амалга оширилишини таъминлашни кўзда тутади.  Маблағларнинг ундирилиши, ҳудудларда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни  тўплаш ҳамда  олиб чиқиб кетиш тарифлари оширилиши ҳисобига махсус техникаларни сотиб олиш, полигонларни  рекултивация  қилиш, моддий техника  базасини  мустаҳкамлаш  имконияти яратилади.

Энг муҳими, маиший чиқиндиларни  саралаш  ва қайта ишлашда  кластер  ташкил этиш ва вилоятдаги  20 та кичик  чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари билан шартномалар тузиш ҳисобига қоғоз чиқиндисини  “Ferchana White Gold” хусусий корхонасига, шиша чиқиндисини   “Кварц” АЖга, автомобил шиналарини  “Руббер Голд” МЧЖ ва “Актиок Статус” оилавий корхонасига, қора ва рангли металл чиқиндиларини “Ўзметкомбинат” АЖ ва “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖларга топширилади.

Фарғона шаҳрида жорий йилда  “Qirguli communal servis”    масъулияти чекланган жамияти, Белорусия Республикасининг ЧПУП  «Сифания -Экотехника» ва Туркия Республикасининг “SEMAK Equipments and Technology”  компаниялари билан ҳамкорликда  Фарғона вилоятида йиллик 73,0 минг тонна чиқиндиларни  йиғиш ва саралаш бўйича 5.0 миллион АҚШ доллари қийматидаги  қўшма лойиҳани амалга ошириш учун  “Clean and technology group”   МЧЖ  қўшма корхонаси ташкил этилди.  Лойиҳанинг биринчи босқичида  чиқиндиларни саралаш ва қайта ишаш ускуналарини  Фарғона тумани, Саткак ҚФЙ ҳудудида жойлашган марказий  чиқинди полигонига ўрнатиш режалаштирилган.

Ушбу лойиҳани ишга туширилиши жорий йилнинг август ойига белгиланган. Ҳозирги кунда йиллик 200 минг тонна чиқиндиларни қайта ишлаш  учун зарур бўлган саралаш  ва ишлаб чиқариш  ускуналарини сотиб олиш учун  ЧПУП “Сифания-Экотехника” билан дастлабки келишувлар амалга оширилди.  Чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасини  ривожлантиришда  иқтисодий усуллардан фойдаланишни йўлга қўйиш, хорижий инвестицияларга йўл очиш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳисобига  технологияларни жорий  этишнинг  меҳанизми яратилмоқда.

Бундан ташқари 11 турдаги 40 та махсус чиқинди ташиш транспорт воситалари сотиб олиш режалаштирилган. 2019-2020 йилларда  Фарғона  шаҳрининг 284 минг аҳолисидан маиший чиқиндиларни  йиғиб олиш  ва қайта ишлаш тўлиқ  қамраб олинади. 2020-2021 йилларда эса Фарғона шаҳрига яқин бўлган  Қўштепа, Тошлоқ ва Фарғона туманлари  қамраб олиниб,  маиший чиқиндиларни йиғиб олиш ва қайта ишлаш  йўлга қўйилади.

Лойиҳанинг биринчи босқичида  2.5 миллион АҚШ доллари, иккинчи босқичида 2.5 миллион  АҚШ  доллари киритилади.  Инвестициянинг 71 фоиз  миқдори узоқ муддатли имтиёзли кредит асосида Белорусия Республикасининг  молия идоралари томонидан  молиялаштирилади.

Кўрилаётган  чора-тадбирлар чиқиндилар билан бирга,  қимматли модда ва материалларнинг  йўқ бўлиб кетишига йўл қўймаслик, атроф-муҳитнинг токсик саноат ва тиббиёт  чиқиндилари  билан ифлосланишининг  олдини олиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни зарарсизлантириш каби  муаммоларни  ҳал этишга йўналтирилган.