Тафтингиз мунчалар илиқ, устоз

Дилфуза Юнусова Андижон давлат тиббиёт институтининг педиатрия факультетини тамомлаб, Қўқон тиббиёт коллежи (собиқ тиббиёт билим юрти)да педиатрия фанидан сабоқ бериб келаётганига ўттиз уч йил бўлди.

Ҳамиша ёшларга касб сир-асрорларини ўқитиш, янгиликларга интилишдан чарчамайдиган, билмига чанқоқ Дилфуза 2012 йилда инновацион технологияларни ўқув жараёнига тадбиқ қилиш ғоясини илгари сурди. Шу мақсадда Тошкентда ташкил қилинган бир ойлик курсда ўқиб, модератор сертификатига эга бўлди.

Ўша йиллардан бошлаб билим даргоҳларида ўқитиш тизимига инновацияни қўллашга эътибор ҳар қачонгидан кучайтирилди. Бу орада Дилфузанинг ташкилотчилиги, изланувчанлиги билан коллежда “Инновацион марказ” ташкил қилинди. Мақсад — ўқув жараёнига янги инновацион технологияларни жорий қилиш ва шу йўл орқали таълим самарадорлигига эришиш.

Фидокорона меҳнат қилган инсон доим қадр топади. 2015 йили Дилфуза Юнусова “Ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шу билан бирга педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Мақтов ёрлиғи”, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Фахрий ёрлиқ”, Ломоносов номидаги Москва Давлат университети Тошкент филиалининг махсус Сертификатига эга бўлди.

Бугунги кунда Дилфуза Юнусованинг 100 дан ортиқ шогирдлари тиббиёт соҳасида самарали меҳнат қилмоқда.