Ер чизиб қолди…

Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари учун кенг имкониятлар ва енгилликлар жорий қилинаётганига қарамай республикамизга товар-моддий бойликларни турли айланма йўллар билан олиб киришга бўлган уринишлар содир этилиши кузатилмоқда.

Одатда ҳуқуқбузарлардан бунга сабаб нима деб сўралганда, божхона расмийлаштирувига кетадиган сарф-харажатлар  кўплигини важ қилишади. Аммо уларга қонуний йўллар билан олиб кириладиган божхона расмийлаштирувидан ўтадиган сарф-харажатлар ва ҳужжатлар тўғрисида маълумот берилганида,  улар қилган  ишлари, ҳаракатлари нотўғри эканлигини тушуниб,  ер чизиб қолишади.

Файзуллохон Исаханов Марғилон шаҳрида туғилиб ўсган. Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, уч нафар фарзанднинг отаси. Вақтинча ҳеч қаерда ишламайди. Муқаддам икки марта суднинг қора курсисида ўтириб чиққанига қарамай яна жиноятга қўл урди.

Ф.Исаханов 2018 йил февраль ойи бошларида жиноий шериги Муродил исмли шахс билан айланма  йўл орқали олиб ўтилган уяли алоқа телефон апппаратлари, диск ва видеокассеталарни Фарғона тумани  Водил қишлоғи билан кесишган чегара айланма йўлида қабул  қилиб олгач,  яшаш хонадонига олиб келади.  Файзуллонинг асл мақсади товарларни Тошкент шаҳрига олиб бориб сотиб, мўмай даромад топишдан  иборат эди.

Аммо унинг  қувончи  узоққа чўзилмади. Яшаш хонадонида тинтув ўтказилганида,  судланувчи  томонидан  божхона  назоратини  четлаб,  ҳеч  қандай  ҳужжатларсиз олиб келинган 423 дона уяли алоқа телефон аппаратлари, 101250  дона  диск  ва 5000 дона  мини видеокассеталар  холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олинди. Олинган моддий-товар бойликларининг  умумий  бозор баҳоси 657.692.340 сўмни ташкил этади.

Судда судланувчи  Ф.Исаханов  айбига тўлиқ иқрор бўлиб, ҳақиқатан ҳам юқоридаги ҳолатни содир этганини, қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик беришни сўради.

Судланувчи  Файзуллохон  Исаханов Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 182-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.