Тиббий хизматда инновация

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида вилоят  реабилитация марказимизда ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий, касбий, тиббий, психологик, юридик хизмат кўрсатиш янада такомиллашди.

Жумладан, марказга даволаш жисмоний тарбия шифокори ишга қабул қилинди. Унинг асосий вазифаси  эркаклар, аёллар  ва  болаларни  график асосида даволайди. Марказга  келган ногиронлиги бўлган шахслар  билан машғулотлар индивидуал  тарзда танлаб ўтказилади.  Шунингдек, ҳаракати  чекланганлар  палатада  алоҳида  шуғуллантирилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни   реабилитация қилинишида замонавий  диагностика ва спорт ускуналаридан  фойдаланишнинг самараси катта. Шу сабабли  жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган  тиббий  жиҳозлар келтиришни мақсад қилганмиз.

Медикаментоз, физиотерапевтик   муолажалар  билан  бир  қаторда  спорт-соғломлаштириш  кабинетида  шуғулланаётганлар ўзларини анча бардам сезиб,  соғайишига   сезиларли  даражада  таъсир кўрсатади. Бу айниқса, ўзгалар  қарамоғига муҳтожларда ўз-ўзига хизмат қилиш кўникмаларини  тиклашда  муҳим аҳамиятга эга. Жисмоний тарбия  билан шуғулланиш  баробарида  беморлар  орасида  соғлом турмуш тарзи ҳаётий  мисоллар асосида    тарғиб  қилиняпти. Улар бу ердаги  асбоб-ускуналар, тренажёрлардан ҳам  фойдаланишлари  мумкин.  Ўтган  йили юздан зиёд ногиронлиги бўлган шахслар марказимиз шифокору ҳамшираларининг машаққатли меҳнатига   миннатдорчилик билдириб, қадрдон оиласи бағрига қайтди. Жорий  йилнинг  икки ойи  давомида ҳам  бундай дил изҳорлари  жуда кўп.

Марказимиздаги касб  инструкторининг асосий   вазифаси     даволаниш  пайтида  реабилитологлар  томонидан  тавсия берилган  ногиронлиги бўлган шахсларга  касбий  ахборот  ва оилавий  адаптация– мослаштиришдан  иборат. У  беморнинг  қизиқиши, лаёқати,  ҳаракати,  фаолиятига қараб  ишлаш ва ўқишга тавсия беради. Бундан ташқари  оилавий  адаптацияда, яъни,   ўз-ўзига хизмат қилишда   қийналиб қолмаслик учун  барча ҳаракатларни мустақил  бажаришга ўргатади. Натижада  беморлар  кундалик  ҳаётда   ўзларини бошқара  олиш имкониятига  эга бўлишади.

Эл соғлиғи – юрт бойлиги. Шунга амал қилган ҳолда билим, тажриба ва малакамизни ишга солиб, ногиронлиги бўлган шахсларга   тиббий  хизмат кўрсатишни ўзимизнинг бурчимиз деб  билиб,  бор билим, тажрибамизни ишга соламиз.

Суҳробжон  АСҚАРОВ,

вилоят  реабилитация  маркази директори.