Ёлғон фош бўлди…

Олтиариқлик Мирзохид Боймирзаев вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармасида техник уста бўлиб ишлаган.

2017 йилнинг январида туманнинг Ғайрат МФЙда истиқомат қилувчи  Абдужаббор Самадов ёшларнинг олий ўқув юртида таҳсил олиши учун яратилаётган қатор имтиёз ва имкониятларга қарамай ундан соҳа вакили  сифатида ёрдам сўраб боради. Ўғли Ахрорбек Султоновни  Республика  Ёнғинга  қарши курашиш  академиясига  ўқишга киритиш мақсади борлигини билдиради.

Танишларим орқали ўқишга киритиб қўйишим мумкин.  4000 АҚШ доллари бўлади, – деди   суҳбат асносида ҳамқишлоғи. – Рози бўлсангиз  ўғлингиз ҳужжатларини вилоят ИИБ ЁХБдаги кадрлар бўлимига топшираверсин, вилоятдаги имтиҳонлардан ўтишида ёрдам бераман.  Бу саъй-ҳаракатларим эвазига аввалдан 300 АҚШ доллари зарур. Пулнинг қолган қисмини ўқишга кирганидан сўнг оламан.

Келишувдан ҳеч қанча вақт ўтмай, М.Боймирзаев касал бўлиб шифохонада  даволанади.  Муолажалар учун дори-дармон воситаларига пул зарурлиги сабабли  А.Самадов билан кўришиб, қарзга 100 АҚШ доллари ва 200 минг сўм сўрайди.  Иши тушиб турган одамга  йўқ, дейишга  ботина олмаган ҳамқишлоғи унга керакли суммани келтириб беради.   Бироз вақт ўтиб,   келишилган  300 АҚШ долларини олади.  Аммо бу пуллар ҳам шахсий ҳаражатлари учун сарфланади.  Унинг  ёлғонлари, найранглари вилоятдаги имтиҳонлар якунлангач, ошкор бўлади.

Фарзандини имтиҳондан ўтолмаганини билган ота дарҳол “нажоткори”га телефон қилиб, бу ҳолатга ойдинлик киритиши, ёрдам беришини сўрайди.

Ошқозонида яраси бор экан, шунга тиббий кўрикдан ўтолмаган, деган  баҳонани эшитгач, ота қалбига шубҳа-гумонлар ўралайди.  Ўғлининг шифокори билан гаплашиб,  ошқозонида яра эмас, чандир борлиги, аммо имтихондан ўта олмаслигига сабаб бўлолмаслигини аниқлайди. Алданганини англаб, пулларни қайтариб беришини талаб қилади.

Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди томонидан М.Боймирзаевга ҳар ойлик иш ҳақидан 20 фоиз давлат даромади  хисобига ушланган ҳолда 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.