Болалар камолотига эътибор

Фарғона шаҳридаги 58-мактабгача таълим муассасаси яроқсиз ҳолга келиб қолган эди ва бино дастур асосида янгитдан барпо этилди. Давлат бюджетидан ажратилган 2 миллиард 700 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига муассаса замонавий ва барча талабларга жавоб берадиган бўлди. Энди шаҳарнинг 120 нафар кичкинтойлари кўркам масканда тарбияланади.

Ўзбекистон туманидаги 29-мактабгача таълим муассасасига  маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан талаб ва эҳтиёж юқори. Туманнинг Янги ҳаёт қишлоғида жойлашган ушбу таълим маскани анча эскирганди. Ҳудуд 2-сектор раҳбари ташаббуси ҳамда маҳалла фаоллари, тадбиркорлар, саховатпеша инсонлар кўмагида ушбу муассаса янгича кўринишга кирди.

­Энди янгиҳаётлик кичкинтойлар шаҳарлардаги муассасалардан кам бўлмаган шароитларда билим олади, улғаяди, –- дейди 29-МТМ мудираси Моҳира Умарова. ­- Боғчамизнинг қайтадан таъмирланиб, фойдаланишга топширилиши катта шодиёнага айланиб кетди. Болаларнинг мактабгача таълим муасасаларига қамровини янада ошириш, уларнинг дунёқараш ва тушунчаларини кенгайтиришда, чет тиллари бўйича бошланғич  билимларини юксалтиришда бундай замонавий таълим ва тарбия даргоҳлари муҳим аҳамиятга эгадир.

Туманнинг Қумбосди маҳалласида Зумрадхон Қўшмақова оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйди. Ҳозирда бу ерда 25 нафар болалар тарбияланмоқда.

Бундай эзгу ташаббусларни Қўқон шаҳрида ҳам кузатиш мумкин. Шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан берилган маълумотларга қараганда,  ҳудудда 45 та давлат мактабгача таълим муассасалари бўлгани ҳолда, улар сафига 17 та нодавлат шаклдаги муассасалар қўшилган.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида қад ростлаган намунавий лойиҳадаги уй-жойларга аҳоли вакиллари кўчиб ўтмоқда. Бу эса ҳудудда таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйишни ҳам тақозо этади. Инглиз тили фанидан ёшларга билим бериб келаётган педагог Мухлиса Йигиталиева Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуслардан руҳланган ҳолда тижорат банкидан 3,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит олди ва давлат хусусий шериклик шартлари асосида мактабгача таълим муассасаси фаолиятини ташкил этди. Муассаса ўз фаолиятини бошлаш арафасида.

Фарғона вилоятининг ўзида 793 та давлат мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлса, улар сафига ҳозирги кунга қадар 22 та давлат-хусусий шериклик шартлари асосидаги ҳамда 400 га яқин оилавий нодавлат муассасалар қўшилмоқда. Муҳими, уларнинг сони йил якунига қадар яна ортади.