Абад боқий адабиёт бўстони

Дарҳақиқат, миллат адабиётининг яшовчанлиги халқнинг эзгуликка йўғрилган ҳаётий фалсафаси билан чамбарчас боғланган. Юртимизда қанот ёзган беш ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида вилоятимизда ўтказилаётган китобхонлик, адабиёт кунлари энг аввало эл қалбининг  унутилмас байрамларига айланиб бораётганлиги ҳар биримизда миннатдорлик, шукроналик туйғуларини уйғотади.

Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, вилоят ҳокимининг 2019 йил 19 апрелдаги 144-Ф фармойишига кўра вилоятимизда  адабиётимизнинг йирик намояндалари Фурқат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов таваллуд кунларига бағишланган адабиёт байрами бўлиб ўтди.

Байрамга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Нурбой Жабборов, Озод Шарафиддиновнинг ўғли, Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси кафедра мудири Алишер Шарафиддинов, “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири Фахриддин Ҳайит, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Фарида Афрўз,  филология фанлари номзоди, радиожурналист Ҳулкар Ҳамроева ҳамда вилоятимизда ижод қилаётган шоирлар, адабиётшунос олимлар ташриф буюрдилар.

Байрам тадбирларининг  Ўзбекистон туманида ҳамда Ҳўқанди латифда ўтказилаётгани ҳам бежиз эмас. Адабиётшуносликда улкан мактаб яратган олим Озод Шарафиддинов Ўзбекистон туманининг Охунқайнар қишлоғида дунёга келган бўлса, маърифатпарвар шоирлар Фурқат ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий Қўқон адабий муҳитининг шаклланишига салмоқли ҳисса қўшганлар.

Адабиёт байрами дастлаб Ўзбекистон тумани маркази – Яйпан шаҳридаги болалар мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг 90 йиллигига бағишланган адабий кеча билан бошланди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар  тумандаги барча умумтаълим мактабларининг адабиёт фани ўқитувчилари, ёш ижодкорлар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари, зиёлилар, жамоатчилик вакиллари иштирокида  таомилга кўра, нон-туз билан кутиб олиндилар.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова очди.

Сўзга чиққанлар Озод Шарафиддиновнинг нафақат мунаққид, адабиётшунос олим сифатида ўзбек адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси, балки ҳаммага баробар меҳрибон устоз бўлганликлари, ажойиб инсонийлик ҳислатлари ҳақида гапирдилар.

Таъкидлаш жоизки, шу кунларда олимнинг илмий меросини ўрганишга бағишланган 7 та номинация бўйича танлов ўтказилмоқда. Ушбу танлов май ойида ниҳоясига етади.

Адабиёт байрами иштирокчилари Қўқон шаҳридаги “Адиблар хиёбони”га келишди. Бу ерда Амирий, Нодира, Увайсий, Муқимий, Завқий , Фурқат, Ҳазиний, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қаҳҳор, Усмон Носир, Чархий, Собир Абдулла барелефлари олдида гулдасталар билан эҳтиром кўрсатилди. Ижодкорлар шеърларидан намуналар ўқилди.

Қўқон давлат мусиқали драма театридаги анжуман Озод Шарафиддинов ижодига бағишланган “Адабиёт борки, миллат барҳаёт” номли адабий композиция билан бошланди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов сўзга чиқиб, анжуман иштирокчиларини адабиёт байрами билан самимий қутлаб, шоирлар шаҳри бўлган Қўқон бугунги кунда  ҳунармандчилик марказига ҳам айланаётганини мамнуният билан эътироф этди.

Тадбирда Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, профессор Нурбой Жабборов, шоира Фарида Афрўз ва бошқалар Озод Шарофиддиновнинг маҳорат мактаби, мунаққидлик маҳорати, устозлик фазилатлари ҳақида сўз юритдилар.

Миллий анъаналаримизга биноан олимнинг ўғли Алишер Шарафиддиновга тўн кийдирилди, оила аъзоларига гулдасталар тақдим этилди.

Тадбир сўнгида ёш хонандалар томонидан Фурқат ғазаллари ва Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий шеърларига басталанган қўшиқлар ижро этилди.  Қўқонлик ёш ижодкорларнинг янги нашрдан чиққан китоблари иштирокчиларга тақдим қилинди.

Қўқон шаҳридаги 7-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган адабий учрашувда Фурқат ва Ҳамза ижодий фаолияти ҳақида  сўз борди. Қўқон давлат мусиқали драма театри актёрлари томонидан  саҳна кўринишлари намойиш этилди. Адабиётшунос олимлар икки шоир қаламига мансуб асарлар ҳақида фикрлар билдирдилар ва уларнинг ижоди бўйича изланишларни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.

Учрашув доирасида ёш ижодкорлар ўртасида мушоира бўлиб ўтди.

Адабиёт байрамида  вилоят ҳокими ўринбосарлари Файзулла Қосимов ва Дилафрўз Қосимовалар  қатнашдилар.