Кейинги пушаймон асқотмайди …

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ҳамда “Ҳуқубузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида  вилоят соғлиқни сақлаш  бошқармаси томонидан қандай ишлар амалга оширилди. Мухбиримиз  бошқарма  бош  мутахассиси Орифхон  Абдуллаев билан  шу хусусда суҳбатлашди.

– Аввало бошқармада  одам савдосидан жабрланган, узоқ  муддат  хорижий давлатларда бўлиб қайтган  фуқаролар тиббий  кўрикка  жалб қилиняпти. Мигрантлар  асосан  ОИВ /ОИТС/, таносил ва сил  касалликлари бўйича мутахассис  кўригидан ўтказилади.

Вилоят  ички ишлар бошқармасининг “Узоқ муддат штаби” базасидан вилоят  бўйича  ҳар ой хорижий давлатлардан қайтган мигрантларнинг рўйхатлари  олиниб,  бошқарманинг  электрон  почтаси  орқали шаҳар ва туманлар тиббиёт  бирлашмаларига  юборамиз. Бу жойларда  мигрантларни тиббий кўрикка жалб этиш  патронаж ҳамширалар  томонидан амалга оширилади. Бундан  ташқари вилоят ҳокимлиги томонидан соғлиқни сақлаш бошқармасига берилган  2 дона  махсус  “Дамас” автомобили ёрдамида   режа асосида  бошқарма мутахассисларидан иборат кўчма бригада   шаҳар-туманлардаги  оилавий  поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида бўлиб, аҳоли ўртасида  тиббий кўрик ўтказилаётгани ўз самарасини беряпти.

Фуқаронинг саломатлигидан шикояти бўлса ёки дастлабки текширувлар натижасига кўра бирон-бир касаллик  белгилари  топилса,  ўша ернинг ўзида бошқа турдаги  қўшимча текширув амалга оширилади.

2019  йилнинг 3 ойи  давомида чет давлатлардан қайтиб келган 13338 нафар фуқароларнинг 12969  нафари  тиббий кўрикдан ўтказилди.  Уларнинг 464 нафарида турли  хилдаги  касаллик  аниқлангач,  423 нафари амбулатор, 41 нафари стационар  шароитда даволашга йўналтирилди.  ОИВ инфекциясига 10294 нафар  хорижда бўлиб қайтган фуқаро текширилганда 15 нафарида ОИВ инфекцияси, 12603 нафар сил касаллигига  текширилганларнинг 17 нафарида ўпка сили касаллиги аниқланди. Беморлар ва уларнинг оила-аъзолари диспансер назоратига олиниб, даволаш-профилактика ишлари йўлга қўйилди.

2018  йил давомида хорижий давлатлардан қайтган  64786 нафар  мигрантларнинг 51248 нафари,  2019 йилнинг 3 ойида  12294 нафари ОИВ бўйича текширилган бўлиб,  қолганлари ОИВ инфекциясига турли хил баҳоналарни кўрсатиб текширувдан ўтишдан қаътий бош тортишди.  ОИВ инфекцияси инсон организмида бир неча йиллар давомида  ҳеч қандай касаллик белгиларини бермаслиги мумкин. ОИВ инфекциясини юқтириб олган одам уни ҳаммага маълум бўлган юқиш йўллари орқали  турмуш ўртоғи ёки бошқаларга юқтириш хавфи ўта юқори эканлигини ёддан чиқармаслиги керак.

Вилоятдаги даволаш – профилактика  муассасалари  тиббиёт  ходимлари томонидан мавзуга оид 106 та   маъруза, 15 та  семинар, 45 та давра суҳбати ва савол-жавоб учрашувлари ўтказилди. Буклет ва қўлланмалар тарқатилди.