Тадбиркорларнинг спортчиларга туҳфаси

Кейинги  вақтларда  болалар спортига  катта аҳамият қаратилиб, жойларда  кўплаб спорт иншоотлари қурилди.  Иншоотлар  замонавий спорт анжомлари билан таъминланиб, ёшлар ихтиёрига топширилди. Вилоятимиз  туман-шаҳарларида  фаолият юритаётган  тадбиркорлар эзгу ташаббус билан чиқишди.  Улар жойлардаги болалар-ўсмирлар  спорт  мактабларига   сендвич панелли кичик спорт иншоотлари қуришга азму қарор қилишди.

– Тадбиркорларга бошқарма томонидан ўз таклифларимизни бердик ва бир ой ичида мазкур спорт иншоотлари қурилиши битказилиб, фойдаланишга топширилади. Жумладан, Данғара туманида иш юритаётган тадбиркор  Валижон  Назаров тумандаги  Истиқлол  МФЙ, Хўжа қишлоғида  200  млн. сўм кредит ва 800 млн. сўм ўз маблағи ҳисобидан ёпиқ сузиш ҳавзаси қуришга киришилди, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Нодирбек Ҳакимов. – Учкўприк  туманилик  тадбиркор Воҳиджон  Зоҳидов  тумандаги  35-умумий ўрта таълим мактабига усти ёпиқ сунъий қопламали футбол майдони барпо этишга аҳд қилди. Фарғона туманидаги тадбиркорлар  ҳам хайрли  ишга бош қўшдилар. Дилфузахон Юлдашева ва Холмурод Нажиловларнинг мақсадлари катта. Туманннинг спортсевар ёшларига спорт комплекси,зал  ва сунъий майдон  қуриб беришга астойдил бел боғлашган.

Ўзбекистон туманилик тадбиркор И.Шавкатов, Ш.Тўйчиевлар  “Яйпан  пласт” хусусий  корхонаси,  “Спорт замин сервис” МЧЖ маблағи ҳамда  кредит ҳисобидан металл конструкцияли мини стадион ва сузиш ҳавзаси қуриш юзасидан лойиҳа устида ишлашмоқда.

Бувайда туманида тренажёр зали, аёллар фитнес клуби, сунъий қопламали майдон, Фурқат, Олтиариқ, Ёзёвон  туманларида усти ёпиқ  сунъий  қопламали футбол  майдони,  бокс машғулоти ўташ зали,  Қувасой ва Қўқон шаҳарларида металл қопламали  мини стадион, баскетбол майдони,  Риштон туманида тренажёр, фитнес клуб, усти ёпиқ сузиш ҳавзаси, Қўштепада фитнес клуб қурилиши бўйича тадбиркорларга таклифлар берилиб,  спорт иншоотлари қуришга ҳозирлик бошланди.

Қурилаётган янги-янги спорт иншоотлари, у ерларда яратилаётган шароитлар ёшларимизга ишончнинг бир намунасидир. Улар бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, жаҳон ареналарида юртимиз байроғини баланд кўтаришларига умид қиламиз.