Фарғона яна адабиёт байрамига мезбон

Буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир мероси, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида ташкил этилаётган тадбирлар адабиётсевар халқимизнинг китобга бўлган муҳаббатини юксалтирмоқда.

Шу маънода анъана тусини олиб бораётган ва жуда кўплаб ёшларни ўз атрофида жипслаштираётган адабиёт байрамлари эндиликда янада кенг маъно-мазмун кашф этаётгани диққатга сазовордир.

Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг жорий йил 29 мартдаги чора-тадбирлар режаси ҳамда вилоят ҳокимининг тегишли фармойишига кўра 29-30 апрель кунлари Фарғона яна бир адабий анжуманга мезбонлик қилади.

Ушбу анжуманда адабиётимизнинг йирик намоёндалари Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат таваллудининг 160 йиллиги, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий таваллудининг 130 йиллиги, Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланади.

Адабиёт байрами муносабати билан кўҳна ва навқирон Қўқон шаҳри ҳамда Ўзбекистон туманида таваллуди нишонланаётган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган бир қатор тантаналар, илмий анжуманлар, давра суҳбатлари ва ижодий учрашувлар, фото ва китоб кўргазмалари бўлиб ўтади. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бир гуруҳ ижодкорлари, илмий-адабий жамоатчилик вакиллари иштирок этади.

Байрам кунларида Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов ижодига бағишлаб ўтказилган “Энг яхши илмий мақола”, “Энг яхши бағишлов шеър”, “Энг яхши бадиий публицистик асар”, “Энг яхши драматик саҳна кўриниши”, “Энг яхши бадиий талқин”, “Энг яхши бадиий таржима”, “Энг яхши иншо”, “Адабиёт намояндалари шеърлари, ғазал асосида басталанган энг яхши янги қўшиқ”, “Энг яхши расм” танловлари бўйича муаллифлар номи аниқланади ва тақдирланади.

Тантанада улуғ ижодкорларимизнинг таваллуди қўшалоқ тарзда нишонланаётганида ҳам рамзий маъно бор. Бу авлодлар ўртасидаги ижодий боғлиқликни, унинг бардавом эканлигини англатиб турибди. Ана шундай адабиётни ўқийдиган, севадиган миллат бор экан, бу адабиёт узоқ яшайди, халққа хизмат қилаверади.