Фирибгарнинг надомати

Жамиятдаги муносабатларни тартибга солувчи асосий куч қонунлар ҳисобланади. Унга бўйсунмаганлар эса узоққа бора олмаслиги табиий.

Негаки, қонунни четлаб ўтиб, ўзининг нопок мақсадларига эришмоқчи бўлган ҳар қандай одам бир кун келиб пушаймон бўлиб қолиши кундай равшан.

1983 йилда Фарғона туманида туғилган Дилдора Тошматова (мақоладаги қаҳрамонларнинг исм-шарфи шартли равишда ўзгартирилган) ҳам ўз қилмиши туфайли ана шундай надомат чекиб ўтирибди.

У А.Олимовнинг ишончига кириб, унинг таниши М.Маҳмудовни ўзининг юқори лавозимда ишлайдиган танишлари орқали ҳарбий тиббий кўрикдан ўтказиб, бир йиллик муддатли хизматга жўнатишни ваъда қилади. Уни алдаб, ваколатли мансабдор шахсларга 500 АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилади.

Лекин А.Олимов шу келишувдан кейин тўғри йўлни танлай олди. У бўлиб ўтган гап-сўзларни иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментига ариза орқали баён қилди. Шундан сўнг Департаментнинг вилоят бошқармаси ва Фарғона шаҳар бўлими ходимлари томонидан тезкор назорат тадбири ўтказилди.

Дилдора Тошматова А.Олимовдан пора тариқасида тақдим этилган, кимёвий ишлов берилган 500 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.

Суд жараёнида айбдорнинг қилмишлари яна бир карра исботини топди. Д.Тошматова қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, енгиллик беришларини сўради. Бироқ унинг кирдикорларни фош этилиб, 1 йил муддатга ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Зеро, қонун олдида барча тенгдир.

Шерзод ХАШИМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Фарғона шаҳар судининг раиси.