Комиллик ўчоғи, меҳр ошёни

Вилоятимизда жорий йилнинг шу кунига қадар 337 та тўлиқ хусусий, давлат-хусусий шерикчилиги ҳамда оилавий тартибдаги нодавлат мактабгача таълим муассасаларида 9364 нафар мактабгача таълим ёшидаги болалар қамраб олинган.

Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Олтиариқ, Риштон, Фурқат, Данғара туманларида давлат-хусусий шерикчилиги асосида нодавлат мактабгача таълим муассасаларида 700 нафар болалар тарбияланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрел кунги “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда 332 та 19755 қувватга мўлжалланган манзилли дастур шакллантирилган бўлиб, жорий йилнинг  3 ойи давомида Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда ташаббускор тадбиркорлар ўртасида 92 та 3050 қувватли битимлар имзоланди. Бугунги кунда давлат-хусусий шерикчилиги асосида имтиёзли кредит олиниб, 22 та 2090 қувватли лойиҳаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Олтиариқлик Муҳаммаджон Абдурахмонов ҳам давлат-хусусий шерикчилиги асосида Мактабгача таълим вазирлиги билан битим имзолаган.  Туманнинг Қапчуғай МФЙда 2.250 млн. сўм  имтиёзли кредит маблағлари асосида  фаолияти йўлга қўйилган  “Smart Kids Oltiariq” нодавлат мактабгача таълим муассасасида 180 нафар болажонлар қамраб олинган.

– Давлатимиз томонидан  тадбиркорларга имкониятлар яратиш билан бирга, эртамиз эгалари учун  ҳар томонлама қулай, замонавий боғчаларни ташкил этиш, уларнинг билимли,  салоҳиятли бўлиб камол топишларига замин яратишга  эътибор кучайтирилган, – дейди фурқатлик Муножатхон Хасанова. – Мен ҳам эзгу ният билан туманнинг Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинида давлат-хусусий шерикчилиги асосида имтиёзли 250 млн.сўм кредит  маблағлари ҳисобидан “POKIZALIK – SALOMATLIK” номли нодавлат мактабгача таълим муассасасини барпо этдим.  Ҳозирда  масканимизда 50 нафар болалар тарбияланмоқда. Улар учун турли спорт машғулотлари, рус ва инглиз тили тўгараклари ташкил қилинган.