Ёнғин хавфсизлиги учун ҳамма масъул

Жорий йилнинг ўтган ойлари давомида Риштон туманида 13 та ёнғин қайд этилди.

Унинг келиб чиқиш сабаблари таҳлили шуни кўрсатдики, аксарият фуқаролар яшаш уйларининг томларига турли хилдаги тез ёнувчи нарсаларни ғарамлаб қўйишган. Ёки қўшнининг уйи билан оралиқ масофа йўқ.

Туман ҳудудида фаолият кўрсатаётган чойхона ва ошхоналарда, бозорларда, фуқаролар кўп йиғиладиган жойларда туман ишчи гуруҳи аъзолари томонидан турли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Жумладан,  туман ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида ташкил этилган савдо, маиший ва хизмат кўрсатиш объектларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолатлари ўрганилиб, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Шунга қарамасдан, айрим фуқаролар газ ва электр энергиясидан фойдаланишда амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилмаётганликлари аниқланмоқда. Қўлбола усулда ясалган турли хилдаги электр ускуна ва мосламалардан, табиий газдан резина шланглар орқали сўрғичлардан фойдаланиш хонадонларда ёнғин келиб чиқишига, фуқароларнинг турли даражадаги куйиш тан жароҳатлари олишларига олиб келмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб газ, электр энергияси, ўтин, кўмирдан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилиш нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва жамиятга ҳам фойдали эканлигини асло унутмаслигимиз керак.

Мадаминжон АҲМАДЖОНОВ,

Фарғона вилояти ИИБ ЁХБ тарғибот бўлими

бошлиғи, подполковник.

Равшанжон МАМАЗИЯЕВ,

Риштон тумани ЁХБ катта инспектори,

сержант.