Ҳар бир бола оила бағрида бўлсин!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 11 февраль куни “Етим болалар ва ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори барча соғлиқни сақлаш тизимидаги Болалар уйлари ҳамда таълим тизимидаги “Меҳрибонлик” уйлари ходимлари учун янгилик бўлди.

Болалар уйлари, Болалар шаҳарчалари ҳамда “Меҳрибонлик” уйларида ишлаётган педагог ходимлар ва тиббиёт ходимларининг иши нақадар машаққатли эканлигини оддий мутахассис сифатида ҳис эта оламан. Юқорида номлари кўрсатилган муассасаларда асосан етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, руҳий тушкунликка тушган вояга етмаган болалар тарбияланадилар. Бундан кўриниб турибдики, ота-онасидан эрта айрилиб қолган гўдаклар ёки вояга етмаган болалар ўз ота-оналарини қўмсайдилар ва ўз уйлари бўлишини хоҳлайдилар. Болажонларни руҳий тушкунликдан қутқариш учун педагоглар уларни ўз фарзандларидай тарбиялашга ҳаракат қиладилар.

Қарорда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган (етим ёки чала етим болалар) болаларни уларнинг яқинларига (бувиси, холаси, амакиси, аммаси, тоғасига) патронат ёки васий-ҳомий қилиб берилиши белгилаб қўйилди. Давлатимиз томонидан муассаса тарбияланувчилари учун уларга имкон даражада моддий ва маънавий камол топишлари мақсадида яхши шарт шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилинмоқда. Тарбияланувчилар гуруҳлари замонавий кўринишдаги мебель жиҳозлари, рангли телевизорлар, мусиқа жиҳозлари ҳамда ўқув қуроллари, турли ўйинчоқлар билан таъминланган. Тарбиячилар иш фаолиятини назорат қилиш мақсадида барча гуруҳларга видеокамералар қўйилган бўлса-да, бу жажжиларни она меҳри, уй-жойи бўлиши учун 4-5 ёшга киргунга қадар оилаларга беришга ҳаракат қиламан.

Болалар уйларида тарбияланаётган 5 ёшгача бўлган етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандга муҳтож оилаларга болаликка ёки патронатга берилиши мақсадга мувофиқдир. Албатта, оилаларга болаларни фарзандликка ёки патронатга беришда шошилмасдан, бола борадиган оилани ижтимоий, моддий-маънавий муҳитини тўлиқ ўрганиш лозим. Бунда фақат васийлик ва ҳомийлик органи мутахассисларининг хулосасигагина суяниб қолмасдан, шаҳар, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларининг хулосаларини ҳам инобатга олиш лозим. Фарзандликка ёки патронатга олинган болалар шу оиланинг ҳақиқий аъзоси, деб тан олиниши, бошқа фарзандларга ўхшаб шу уйнинг тўлиқ ҳақдори ҳисобланишини оилаларга тўлиқ тушунтириш шарт.

Қарорда “Меҳрибонлик” уйларини босқичма-босқич кам комплектли болалар шаҳарчаларига ҳамда ижтимоий муассасаларнинг бошқа муқобил шаклларига ўтказиш мақсадида 2019-2023 йилларда “Меҳрибонлик” уйларини ноинститутционаллаштириш дастурини ишлаб чиқиш вазифалари бўйича таклифлар киритиш сўралган. Бу ҳолатда вилоятимизда ҳам Болалар шаҳарчаси ташкил қилиниб, унда “Меҳрибонлик” уйларидаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган 4 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалардан иборат бўлган кичик оилалар тузилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бундай оилаларда 4 нафардан 6 нафаргача турли ёшдаги болалар тарбияланади, бир-бирига меҳрибон, опа-ука ёки ака-сингил бўлиб ўсиб улғаярди. Албатта, бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилади. Ушбу вазифаларни бажаришда барчамиз бирдай масъул бўлишимиз керак.

Фарида ХОЛДАРОВА,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси

тасарруфидаги 1-сонли “Болалар уйи” бош врачи.