Миржалолнинг фарғоналик издошлари

Фарғона шаҳридаги “Нефтчи” профессионал футбол  клуби  тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабида юрагида ўти бор, шижоатли, қобилиятли,  келгусида  дунёдаги энг катта ўйингоҳларнинг   яшил майдонларида  мардона тўп  суриб, юртимиз байроғини  баланд  кўтарувчи  болалар тарбияланмоқда.

Маҳмуджон  Зокиров  шу ерда директор лавозимида фаолият олиб боради. Мураббийнинг кўп йиллик меҳнатлари бесамар кетмади. Тарбияланувчилари  орасидан Осиё жаҳон чемпионатлари ва кубоги ғолиб  ҳамда  совриндорлари етишиб чиқди. Муҳсин Убайдуллаев, Давлатбек Ярбеков, Ҳусниддин Ғофуров, Санжар Зокиров, Машҳур  Муҳаммаджонов, Шоҳруҳ Бойқўзиев,  Павел  Смоляченко, Авазбек Ўлмасалиев, Шуҳрат Раҳмонов ва яна кўплаб спорт усталари ва спорт  усталигига  номзод спортчилар бунга яққол мисол.

Футбол  мактабининг 15 нафар тарбияланувчиси “Нефтчи”, 5 нафари “Истиқлол”, 2 нафари “Машъал” ва  бир нафардан футболчимиз “Насаф” ва  “Норин” жамоалари, яна 40 нафар тарбияланувчилари биринчи лига жамоалари  таркибида  тўп сурмоқда.

– Маҳмуд аканинг  шогирдлари  Темур Копадзе Ўзбекистон миллий терма жамоаси  ва Баҳром Ҳайдаров “Нефтчи” жамоаларида бош мураббийлик   даражасигача кўтарилишган. Ҳусниддин Ғофуров, Исломжон Қобуловлар Хитой давлатида бўлиб ўтган Осиё  биринчилигида  қатнашиб, фахрли  ўринни  эгаллашган. Дунёга ўзбек футболи довруғини ёйган бу ўқувчиларимизга   Президентимиз томонидан “Малибу” автомашинаси совға қилинди,– дейди вилоят футбол ассоциацияси мутахассиси Шербек Матисаев.– Павел Смоляченко 2009-2010 йилларда  Олимпия терма жамоасида тўп сурган.  Ҳозирда Индонезиянинг “Бали” футбол клуби аъзоси. Муҳсин  Убайдуллаев  ва  Давлатбек  Ярбековлар  Мексикада  ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида фахрли ўринга эга бўлишди. Уларга ҳам Президентимиз совғаси “Спарк” автомашинаси туҳфа этилди.