Таълим-тарбияда инновацион ёндашув

Фарғона шаҳридаги 44-мактабгача таълим муассасасида ҳар ҳафтанинг жума куни бир ҳафталик фаолият сарҳисоб этилиб, тарбиячилар замонавий мезонлар асосида амалиётга жорий этган янгиликлари тақдимотини ўтказишади. Таълим-тарбия жараёнидаги бундай инновацион ёндашувлар фаолият кўламини бугунги кун талаблари асосида ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Айни пайтда 11 та гуруҳда 300 нафарга яқин келажагимиз ворислари тарбияланмоқда,-дейди муассаса раҳбари Дилором Бўрибекова. – Замонавий барча шарт-шароитлар муҳайё этилган муассасамизда рус ва инглиз тили мукаммал даражада ўргатилади. Мусиқа ва спорт тўгараклари, болаларни меҳнат ва ҳунарга қизиқтирувчи машғулотлар қамрови тобора кенгайиб бормоқда. Таълим муассасасида “Илк қадам” давлат дастури доирасида кутубхона, тасвирий санъат, мусиқа, пазандачилик ва гўзаллик, табиат марказлари фаолияти йўлга қўйилган.