Мафтункор юрт сайқаллари

Юрган  дарё, деган гапда кўп ҳикмат бор. Сафар қилсанг руҳинг янгиланиб, янги мақсадлар сари интилиб яшаш кайфияти кучаяди. Ана шу эзгу ният билан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими 20 нафар журналистларни сафарга чорлади. “Муҳлислар нигоҳида” туризм агентлиги билан ҳамкорликда бошланган саёҳатимизда журналистларга Марғилон педагогика коллежи ўқитувчилари, яна бир гуруҳ кўнгиллилар ҳамроҳ бўлишди.

Марғилондан йўлга тушган “темир отлар” – тезюрар поездларимиз эрта тонгдаёқ Бухорога элтганини ҳам сезмай қолибмиз.

Муҳтарам Президентимиз топшириғи билан қайтадан обод бўла бошлаган “Етти пир” зиёратгоҳи саёҳатимизнинг илк манзили бўлди. Абдулҳолиқ Ғиждувоний мажмуасидан бошланган бир кунлик йўлимиз Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида якун топди. Бир-бирига устозу шогирд бўлган етти пирларнинг ҳаёт йўли ҳақидаги ривоятларни тингладик, эзгу ниятлар ила қўллар дуоларга очилди. Иккинчи кун Бухоро хонлигининг сўнгги амири Олимхоннинг кўҳна арки ва ёзги саройи – Ситораи Моҳи Ҳоссада бўлган  бир неча соатлик вақтда тарихга қайтгандек бўлдик. Ҳайрату ҳавасларимиз фотосуратларда ҳам акс этди.

– Минораи Калон, Лаби Ҳовуз ансамблидаги таассуротларимизнинг ўзи катта бир мақолага мавзу бўлади, – дейди “Маънавият” газетаси мухбири Маҳиёра Бойбобоева.

Самарқанд сари йўлга тушдик. Рўйи заминга жило берган ҳудудлар

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов мангу ором топган Ҳазрати Хизр зиёратгоҳи ҳамда у киши вояга етган Бибихоним кўчаси 124-уйда ҳам дуо фотиҳа қилинди.

Ҳазрат Дониёл пайғамбар, Имом Бухорий зиёратгоҳларида бўлиб ислом оламида қандай етук аждодларимиз яшаб ўтганидан ифтихорга тўлдик. Мирзо Улуғбек расадхонаси, Бибихоним жоме масжиди, Шохи Зинда, Гўри Амир мақбараси, Регистон ансамблидаги зиёратимизда ҳам бизни шундай ҳислар чулғади.

Оқшомга яқин бизни йўқлаб вилоят ҳокимлигининг бош нашри “Зарафшон” газетаси ижодкорлари ташриф буюрди. Улар билан биргаликда яна Регистонга қараб юрдик. Франция, Япония, Ўзбекистон киноижодкорлари ҳамкорлигида тайёрланган 3D форматдаги лавҳа Тиллакори узра намойиш этилганида минглаб одамларнинг олқиши узоқ вақт тинмади.

Саёҳатимиз охирлаб Тошкентда тўхтадик. Ҳазрати Имом мажмуасидаги янгиланишлар ва Ислом цивилизация марказида олиб борилаётган бунёдкорлик ҳаракатлари, Оқсарой қароргоҳида олган таассуротларимиз унутилмас бўлди.