Эъзоз ва эҳтиром

Эл-юрт манфаати ва ривожи учун самарали меҳнат қилган, ҳозирда қарилик гаштини сураётган отахон ва онахонлар ҳамиша эътиборда, меҳр ардоғида.

Ёшим 93 да – дейди, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Риштон туманидаги Оқер қишлоғида яшовчи Мирзааҳмад ота Сулаймонов. — Урушга чақирилганимда 18 ёшда эдим. Чехословакияни фашистлардан озод қилишдаги жангу-жадалларда жон олиб-жон берганмиз. 1945 йилнинг май ойи – Ғалаба кунигача урушда бўлиб, кейин ҳарбий хизматни давом  эттирганман. 1950 йили юртимга келиб, ички ишлар тизимида хизматга кирдим. Хабаровскдаги икки йиллик милиция мактабида ўқиб, Сўх тумани ИИБ паспорт бўлимида, кейинчалик Олтиариқ ва Риштон тумани ИИБда турли вазифаларда ва ниҳоят 1985 йил — нафақага чиққунгача Риштон туман ИИБ қўриқлаш бўлими бошлиғи сифатида хизмат қилганман.

Мирзааҳмад отанинг уйи ҳамиша меҳмонлар билан гавжум. Отахон маҳалладошлари, ёшлар билан мулоқотларда уларни она-Ватанни севиб, ардоқлаш, тинчликни сақлашга  даъват қилади.

Жорий йилда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими томонидан 2 нафар 100 ёшдан  ошганлар, 5 нафар уруш қатнашчилари, 35 нафар иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида хизмат қилганлар, кам таъминланган оилалар ва меҳнат фахрийлари, шу жумладан  ҳозирда нафақадаги 5 нафар фахрий аёллар ва 7 нафар кам таъминланган бемор аёлларга моддий  ёрдам кўрсатилди.