Аҳоли фаровонлигининг муҳим мезони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги  қарори ҳамда унинг ижросини таъминлашга қаратилган вилоят ҳокимининг қарори эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Вилоятда 2019 йилда белгиланган манзилли чора-тадбирларга асосан 6315 та лойиҳаларда  42 217 та  доимий иш ўринларини ташкил этиш  кўзда тутилган.

Вилоят бандлик бош бошқармаси томонидан жорий йил давомида 17 мингдан ортиқ аҳолининг иш  билан таъминланиши устувор вазифа сифатида белгиланган.  Шу кунга қадар  иш изловчи  фуқароларни  ижтимоий ҳимояга олиш мақсадида  839 нафар шахслар Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайта касбга тайёрланиб, бандлиги таъминланди. 147 нафар фуқароларга ишсизлик нафақаси тайинланди. 5178 нафари жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди, 197 нафар  жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар иш ўрнига эга бўлди.

Қарорга кўра, бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ишсиз шахсларга фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларига мансуб шахсларни ишга қабул қилган ташкилотларга, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган шахсларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатлар учун – 1,5 млрд.сўмга яқин бир марталик субсидиялар берилади. АТБ “Микрокредитбанк”, “Агробанк” ва “Халқ банки”    филиаллари томонидан туманлар ва шаҳарларда янги иш ўринлари ташкил этишни назарда тутувчи кичик ва мини-лойиҳаларни амалга оширишга (микрокредитлар учун) 19,4 млрд.сўм маблағ молиялаштирилиши белгиланган.

Шу билан бирга,  соҳа мутахассислари тавсиялари билан    фуқароларнинг  ҳаётини янада фаровонлашишига, уларнинг чет элда қонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланишларига кўмак бериб келинмоқда.