Урбанизация

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимиз  урбанизация даражаси 2018 йилда 35,5 фоизни ташкил этгани, зарур чоралар кўрилмаса, ушбу кўрсаткич янада пасайиши мумкинлиги таъкидланди.  Шунингдек, Мурожаатномада аҳоли урбанизация даражасини 2030 йилга қадар 60 фоизга етказиш бўйича Давлат дастурини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам қўйилган.

Мамлакатимиз аҳолисининг 49 фоизи яшайдиган қишлоқ жойларда салмоқли демографик, меҳнат ва иқтисодий салоҳият жамланганига қарамасдан, улар учун зарурий шароитлар яратиб берилмаган, турмуш даражаси ва сифатини оширишга етарлича эътибор қаратилмаган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 30 мартда қабул қилган “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва 2018 йил 28 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз ижтимоий ривожланишида улкан одим бўлди.

Маълумотларга кўра, “Обод қишлоқ дастури” мамлакатимизнинг 174 туманида амалга оширилган бўлиб, унга 368 та қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинига қарашли 333 740 та хонадон ва 1 719 978 аҳоли қамраб олинди.

Ўтган жорий йилда Фарғона вилоятининг15 та туманида 30 та маҳалла фуқаролар йиғинида 78 км ичимлик суви тармоғи, электр-энергияси билан таъминлаш учун 74 км ҳаво линияси тортилиб, 92 та ижтимоий объект қурилди.

Бу қарор ва фармонларнинг эълон қилинишидан кўриниб турибдики, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижросига катта эътибор бериляпти. 2019 йилда бу дастурларни амалга ошириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Натижада 416 та қишлоқ янгича қиёфага эга бўлади.

Дастурнинг моҳиятида амалга ошириш зарур бўлган  муҳим жиҳатлари бу: ички йўл ва йўлакларни тиклаш ҳамда қайтадан асфальтлаш,                       ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, бинолар фасади ва томини янгилаш, болалар майдончаларини барпо этиш, кўчалар ёруғлигини яхшилаш ва бошқалар.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси натижасида ҳудудлар ободонлаштирилади, мавжуд инфратузилма комплекслари ривожлантирилади, шунингдек, йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш ҳамда шу асосда аҳолининг турмуш шароитини юксалтириш назарда тутилган.

Ўзбекистонда ҳам жаҳон ҳамжамиятида юз бераётган урбанизация жарёни жадаллик, ўзига хос жиҳатлар билан амалга ошмоқда. Бугунги кунда нафақат замонавий ва шинам уй-жойлар қуриш, айни вақтда болалар боғчалари, умумтаьлим мактаблари, мусиқа ва саньат мактаблари, спорт иншоотлари, тиббиёт муассасалари, хизмат кўрсатиш объектлари, кенг ва равон йўллар, бир сўз билан айтганда, қишлоқ аҳолисининг қулай ва муносиб ҳаёт кечириши учун зарур бўлган барча шароитларни ўз ичига олган замонавий, обод қишлоқларни барпо этиш кўзда тутилаётир.

Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш орқали аҳоли яшаш шароитларини янада яхшилаш, турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш мақсад қилиб қўйилган.

Жорий йилнинг 5 февраль  куни Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. Фармонда таъкидланганидек, “миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади”.

Урбанизация ҳақида гап кетганда, одатда унинг икки томони, фазаси борлигини таъкидлаб ўтиш керак. Биринчи фаза – бунда йирик шаҳарларда аҳоли сонининг ўсиши, жамиятнинг иқтисодий  ва маданий салоҳияти мужассам бўлишини тақозо этади; Шаҳарларнинг йириклашуви нафақат ижобий ҳодиса, шу билан бирга, унинг бир қатор салбий оқибатлари ҳам йўқ эмас. Бу муаммо ўз тадқиқотчиларини кутиб қолмоқда. Олимларнинг таъкидлашича, ўта йирик шаҳар – мегаполис ер шарининг “саратон ўсмаси” деб баҳоланмоқда. Дарҳақиқат, ўта йирик шаҳарда тоза ҳаво, транспорт, озиқ-овқат таъминоти, болаларнинг ўқиши ва бошқалар катта муаммолар туғдирмоқда.

Иккинчи фаза – шаҳарлар эришган ютуқлар, унинг турмуш тарзи, иқтисодий ва маданий ўзгаришлар, хатто шаҳарликларга хос нутқ маданиятидаги ўзига хос “қолиплар” қишлоқ томонидан ўзлаштирилади. Бу жараён ўз навбатида жамият тараққиётида янги импульс беради.

Янги бино ва иншоотларнинг пайдо бўлиши архитекторлардан янги ечимларни талаб қилмоқда: бинодан фойдаланиш қулай бўлиши, янги конструкцияларни қўллаш ва бинолар эстетик жиҳатдан тугалланган, ўзига хос бадиий шаклга эга бўлишини тақозо этади.

Бугун мамлакатимизда архитектуранинг янги турлари пайдо бўлди. Булар: “кичик (митти) шакллар архитектураси”, “монументал шакллар архитектураси”, “томорқа – боғ маданияти ёки яшил архитектура”. Буларнинг барчаси урбанизация жараёнида кенг қўлланилмоқда.

Аҳоли пунктларининг жойлашувини умумий кўринишининг принципиал ўзгариши, одамларнинг турмуш тарзидаги янгиланишни ҳам урбанизация дейиш мумкин. Бундай ўзгаришлар фақат шаҳарларга тааллуқли эмас, балки қишлоқ аҳолиси учун  ҳам ўта муҳимдир.

Урбанизация – саноат, транспорт, оммавий ахборот воситалари, маданий ва маиший хизматни ривожлантириш, шаҳар турмуш тарзини аҳолининг турли ижтимоий-демографик гуруҳлари орасида тарқалиши натижасида жойлашув тизимида вужудга келган чуқур сифат ўзгариши саналади.

Яқин келажакда бизни урбанизациянинг бир қатор ўзига хос тенденциялари, яъни йирик шаҳарларда аҳолининг кўпайиши, янги шаҳарларнинг пайдо бўлиши, шаҳардан фарқ қилмайдиган қишлоқ манзилларининг ривожланиши каби ўзгаришлар кутмоқда. Бу урбанизация жараёни, ҳозирги замон цивилизация тараққиёти қонуниятлари бўлиб, жойлашув тизимларига хос янги, яна ҳам такомиллашган турмуш тарзининг шаклланишига олиб келади.

Н.УСМОНОВ, А. ҲАКИМОВ,

         ФарПИ ўқитувчилари.